Президент узоқ кутилган фармонни имзолади
Жамият
−
28 Май 2019
22333Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 май куни “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу фармоннинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони
Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.
Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Шу билан бирга, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
• 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури (кейинги ўринларда – Давлат дастури) 1-иловага мувофиқ;
• Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда – Идоралараро комиссия)нинг янгиланган таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар икки ой муддатда Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича мақсадларга эришишдасамарадорлик индикаторларини ишлаб чиқсин ва Идоралараро комиссия билан келишиб олсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Идоралараро комиссия икки ой муддатда коррупцияга қарши курашиш бўйича намунавий тадбирларнинг идоравий дастурини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига муҳокама қилиш ва келишиш учун киритсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш тавсия қилинсин, уларнинг зиммасига:
• жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш;
• жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолатитўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритган ҳолда мунтазам равишда ахборот бериб бориш функциялари юклансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат:
• суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш,судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;
• давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;
• давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
• коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
• аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;
• давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;
• фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш;
б) идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади.
5. Белгилансинки:
а) 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари зиммага юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий баҳолаб боради, унинг якунлари бўйича:
• коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари,шунингдек, уларнинг функциялари (ваколатлари)нинг рўйхатини шакллантиради;
• идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлариижросининг ҳар чораклик мониторингини амалга оширади ва коррупциявий хавф-хатарларни минимум даражага тушириш чораларини кўради;
• Идоралараро комиссия билан келишган ҳолда ҳар йилгиидоравий коррупцияга қарши курашиш дастурларинитасдиқлайди;
• ҳар йили Идоралараро комиссияга тегишли органлар ва ташкилотлар фаолиятида, шу жумладан, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш орқали коррупция хавф-хатарларига барҳам бериш бўйича таклифларни киритади;
б) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлади.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда:
• ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб татбиқ этсин;
• умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда, шу жумладан, техник инфратузилмани ва зарур дастурий таъминотни яратишга оид зарурий чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда муайян тоифадаги давлат хизматчиларининг мулки ва даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Идоралараро комиссия (Н.Т.Йўлдошев):
• 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишни ташкил этсин, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳани бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этсин;
• ҳар йили 1 апрелга қадар тегишли соҳаларда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш якунлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритсин.
9. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар Давлат дастурининг ижро этилиши ҳолати тўғрисида ҳар чоракда Идоралараро комиссияга ахборот киритилишини таъминласин.
10. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда – Махсус комиссия) 3-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
11. Қуйидагилар махсус комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
• коррупцияга қарши курашишга йўналтирилган жамоатчилик назоратининг амалий чораларини ва қўлланилаётган ҳуқуқий механизмларнинг жорий ҳолатини таҳлил қилиш;
• коррупцияга ва бошқа жиноятларга қарши тизимли курашиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, шу жумладан, ички идоравий назоратни амалга оширадиган бўлинмалар фаолиятини танқидий ўрганиш;
• коррупцияга қарши курашиш ва мазкур соҳада идоралараро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, коррупция кўринишларини содир этиш сабаб ва шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишда фойдаланилаётган механизмларни тубдан қайта кўриб чиқиш;
• коррупцияга қарши курашиш ва жамоат назорати соҳасида умум эътироф этилган халқаро стандартлар ва чет эл ижобий тажрибасини ўрганиш.
12. Махсус комиссия (З.Ш.Низомиддинов):
а) бир ҳафта муддатда ўрганишнинг тегишли йўналишлари бўйича ишчи гуруҳларнинг таркибларини ҳамда уларнинг иш режаларини тасдиқласин, шунингдек, ишчи гуруҳларнинг самарали фаолиятини ташкил этсин;
б) 2019 йил 1 сентябрга қадар:
• ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва чет эл ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда ушбу фаолиятни ташкил этиш ва мазкур йўналишдаги функцияларини оптималлаштиришда ягона ёндашувларни жорий этиш орқали тубдан такомиллаштириш бўйича таклифларни;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати механизмларини самарали қўллашга йўналтирилган, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасини ишлаб чиқсин ва киритсин:
• Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш;
• ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдидаги ҳисобдорлиги тартибини такомиллаштириш;
• қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқаролар иштирокининг шаффоф ва самарали усулларини жорий этиш.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги:
• Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий органлар томонидан расмий веб-сайтлар ва “ишонч телефонлари”дан улар фаолиятининг очиқлигини ва ахборот олиш имкониятини таъминлаш воситаси сифатида фойдаланишлари устидан доимий мониторингни амалга оширсин;
• Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, ушбу Фармоннинг амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда, шу жумладан, чет эл оммавий ахборот воситаларида кенг кўламдаги ахборот-тарғибот ишларини ташкил этиш чора-тадбирларини доимий асосда амалга ошириб, уларда таниқли олимлар, давлат органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакилларининг чиқишларини назарда тутсин ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича брифинглар, интернет-конференциялар, телевизион кўрсатувларда уларнинг иштирок этишларини таъминласин;
• мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳисобот бериб борсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
15. Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.
16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 27 май
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь