Президент: “Ўзбекистон Қозоғистонга табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёр”

Жамият

image

Ўзбекистон Сардоба сув омбори ёрилишидан зарар кўрган Қозоғистонга керакли ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари видеоселектор йиғилиши вақтида маълум қилди.

“Афсуски, Сардобадаги офат натижасида биз билан чегарадош бўлган ён қўшнимиз – Қозоғистон Республикаси Туркистон вилояти Мақтарал туманининг айрим аҳоли пунктларини ҳам сув босди. Биз Қозоғистон Президенти, ҳурматли Қасим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали бу масалани ўзаро тушуниш ва очиқлик руҳида атрофлича муҳокама қилиб олдик. Куни кеча Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукеев бошчилигидаги делегация воқеа жойида бўлиб, вазиятни ҳар томонлама чуқур ўрганди.

Биз қардош қозоқ халқи билан азал-азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдек яқин бўлиб яшаганмиз. Қувончли кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам ҳамиша бир-биримизга елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаб келганмиз.

Ушбу кутилмаган техноген офат нафақат аҳолимизга, балки қўшни қозоқ биродарларимизга ҳам ортиқча ташвиш ва зиён етказганидан жудаям хижолатдамиз. Уларнинг аҳоли яшаш жойлари ва экин майдонлари зарар кўрганидан, албатта, биз жуда афсусдамиз.

Ҳукуматимиз, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, бошқа мутасадди ва мутахассислар қозоғистонлик ҳамкасблари билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича, албатта, яқиндан ҳамкорлик қилади.

Биз қозоғистонлик биродарларимизга табиий офат оқибатларини бартараф этишда керакли ёрдам беришга ҳам тайёр эканимизни билдирдик”, деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, Сирдарёда юз берган фавқулодда ҳодисада 4 нафар фуқаро ҳалок ўлгани ва бир киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

114

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг