Президент Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг янги устувор йўналишларини белгилаб берди

Local

−

image

Кеча, 19 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши очилишида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тадбирда Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ Президентининг махсус вакили Сержио Гор, Американинг етакчи компаниялари ва банклари вакиллари ҳам қатнашган.

Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари кўп асрлар давомида халқлар, маданиятлар ва савдо йўлларини бирлаштириб келган шаҳар – Самарқандда муҳокама қилинаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлаган.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Америка ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, бу, энг аввало, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг шахсий эътибори ва қўллаб-қувватлови туфайли экани қайд этилган.

Мустаҳкам сиёсий шериклик асосида иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланган.

Бу борада қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суришга салмоқли ҳисса қўшаётган Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши алоҳида ўрин тутади.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб ўтган. Иқтисодиёт ўсиб бормоқда, янги корхоналар ишга туширилмоқда, иш ўринлари яратилмоқда, ёшлар учун таълим олиш имкониятлари кенгаймоқда.

Шу билан бирга, саноатни янада ривожлантириш ва замонавий инфратузилмани барпо этиш учун инвестициялар жалб қилиш жараёни илғор технологияларни жорий этиш, билим ва тажриба алмашиш билан бирга олиб борилиши зарурлиги таъкидланган.

Бу борада АҚШ бизнеси билан ҳамкорлик қилиш бўйича катта тажриба тўплангани таъкидланган. Бугунги кунда Ўзбекистонда Америка сармояси иштирокидаги юзлаб компаниялар фаолият юритмоқда. Улар билан саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва янги технологиялар соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилган. Айни пайтда Ўзбекистон компаниялари ҳам АҚШ иқтисодиётига инвестиция киритишни бошламоқда.

Муҳим минералларни ўзлаштириш ва чуқур қайта ишлаш орқали юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий ва барқарор энергетика тизимини ривожлантириш, маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда рақамли ечимларни жорий қилиш, таълим ва кадрлар тайёрлаш ҳамкорликни янада кенгайтириш учун истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатиб ўтилган.

Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг бугунги йиғилишига катта тайёргарлик кўрилгани қайд этилган. Натижада умумий қиймати қарийб 12 миллиард долларлик 54 та келишув ва истиқболли ташаббусдан иборат тўплам шакллантирилган. Уларни амалга ошириш учун комплекс ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилади.

Кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида куч ва имкониятларни учта устувор вазифани ҳал этишга сафарбар этиш муҳимлиги таъкидланган.

Аввало, АҚШ тадбиркорлари учун тушунарли ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган шарт-шароитларни яратиш зарур. Ўзбекистонга келган сармоядор маъмурий тартиб-таомилларга вақт сарфламасдан, тезда ўз бизнесини бошлаш имкониятига эга бўлиши лозим.

Бу борада инвесторлар билан ишлашда “Plug and Play” тамойилига асосланган янги ёндашувга ўтилаётгани таъкидланган. Уларга ер майдони, инфратузилма, рухсат олиш ва ҳужжатлар расмийлаштириш масалалари ҳал этилган тайёр лойиҳалар таклиф этилади.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам ҳамкор сифатида иштирок этиши ва инвестициявий хатарларнинг бир қисмини ўз зиммасига олиши мумкин. Янги ташкил этилган Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси ҳам бундай лойиҳаларда иштирок этади.

Кейинги устувор вазифа сифатида иқтисодиётнинг янги тармоқларини ҳамда саноат ва технологиялар жадал ривожланишига хизмат қиладиган йирик марказларни биргаликда шакллантириш муҳимлиги қайд этилган.

Кенгаш икки мамлакат ўртасидаги узоқ муддатли иқтисодий шерикликнинг стратегик механизмига айланиши лозимлиги таъкидланган. Шу муносабат билан 2035 йилгача бўлган даврга мўлжалланган савдо-инвестициявий ва технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилган.

Шу билан бирга, кенгаш янги ташаббусларни ишлаб чиқиш, тизимли тўсиқларни бартараф этиш ва йирик қўшма лойиҳаларни илгари суришда муҳим ўрин тутадиган мулоқот майдонига айланиши лозим.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends