Президент ўз ташаббуси билан қурилган марказга борди
Жамият
−
12 Май 2022
8219Бугун, 12 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти Учкўприк туманида бунёд этилаётган Енгил саноат ва логистика марказига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу мажмуа Президент ташаббуси билан қурилган. Учкўприкда тикувчи аёллар, оилавий корхона ташкил этган, маҳалладошларини ишли қилган тадбиркорлар кўп. Лекин улар мослаштирилган шароитларда ишлар, бу бизнесни кенгайтиришга ҳалал берар эди.
“Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифи чоғида тадбиркор аёллар билан суҳбатлашиб, улар учун замонавий мажмуа қурилишига ваъда берган эди. Шу асосида, 2021 йил 27 май куни “Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни, логистика ва савдо тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бугунги кунда 15 гектар ер ажратилиб, кўп қаватли бино барпо этилмоқда. Бу ерда 316 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та савдо растаси бўлади. Шунингдек, 2 та логистика маркази ташкил этилади. Натижада Бобошбек, Бекмурод, Зиғир, Палохон ва Яккамулла каби маҳаллалардаги юзлаб тадбиркорларга замонавий қулайлик яратилади.
Масалан, биргина Бобошбек маҳалласида 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Улар тайёрлаётган маҳсулотлар Қўқон бозори орқали қўшни мамлакатларгача етиб бормоқда. Энди замонавий шароитлар самарасида бу кўлам янада кенгаяди.
Президент бу ерда иш бошлаган тикувчилик корхоналари фаолияти билан танишди, тадбиркорлар ва харидорларга яратилган шароитларни кўздан кечирди. Мажмуада йилига 876 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 18 миллион долларлик экспорт қилиниши мўлжалланган. Жами 7 минг 700 дан ортиқ фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлиши мумкин.
Қўштепа туманида ҳам яна бир тўқимачилик корхонаси қурилмоқда. “Global textile infinity” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилаётган бу фабрика йилига 18 миллион метр юқори сифатли мато ҳамда 10 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.
Давлат раҳбари тўқимачиликда қайта ишлаш даражасини ва маҳсулотлар ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
“Бугун бозор бешафқат. Бу рақобатга муносиб бўлиш учун тадбиркорнинг камида беш йиллик мўлжали, сифат кафолати, таннархда ўзининг резерви бўлиши керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь