Президент Тўрақўрғонда “маҳалладаги вакили” пора билан ушланиб, қамалганини айтди
Жамият
−
19 Апрель 2022
11887Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани “Шарқ” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси имтиёзли кредитга тавсия бериш учун “пора” олаётганда ушланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда бугун, 19 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сўз очди.
“Жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари “кредит, субсидия, ер олиб бераман”, деб тамагирлик қилаётгани жуда ачинарли ҳолатдир. Мисол учун, Тўрақўрғон тумани “Шарқ” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси имтиёзли кредитга тавсия бериш учун “пора” олаётганда ушланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилди”, дейди Президент.
Мирзиёевга кўра, бу каби ҳолатлар Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Бўка, Бахмал туманлари, Марғилон, Ширин шаҳарларида ҳам мавжуд.
“Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, республика вакиллари, Убайдуллаев ва унинг қуйи тизими раҳбарларини қатъий огоҳлантираман. Одамларни рози қилиш ва инсон қадрини тушунмаган раҳбарларга орамизда ўрин бўлмайди”, дейди давлат раҳбари.
Йиғилишда, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари олдига “қониқарсиз” деб баҳоланган 3 минг 636 нафар маҳаллага шахсан бориш ва муаммоларни ҳал қилиш вазифаси қўйилди. Иқтисодий тараққиёт вазирлигига вилоят ҳокимлари билан биргаликда ушбу маҳаллалар кесимида муаммоларни ҳал қилиш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш топширилди. Бунда, йил якунига қадар:
• 434 та маҳаллада суғориш тизими ва сув таъминотини яхшилаш;
• 715 та маҳаллада сув, йўл, электр, табиий газдан муаммосини ҳал қилиш;
• иқтисодий аҳволи оғир 545 та маҳалладан ҳар 5 тасига банк вакилини бириктириб, “лидер” тадбиркорларни топиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Молия вазирлиги ушбу маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорлик кредитлари учун 800 миллиард сўм ажратади.
“Қанчалик қийин бўлмасин, ушбу маҳаллаларда ишларнинг юриши учун шунча қўшимча маблағларни ажратяпмиз. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, бириктирилган вакиллар ва ҳоким ёрдамчилари ушбу маблағларнинг ҳар бир сўмидан самарали фойдаланиб, аниқ натижа кўрсатиши керак”, дея таъкидлади Президент.
LiveБарчаси