Президент Тошкент, Сурхондарё, Фарғона ҳокимларига охирги огоҳлантиришни берди
Жамият
−
05 Апрель 2022
19879Ўзбекистон бўйича 1 минг 526 та мактаб болалар тарбияси, давомат, маънавий муҳит бўйича “қизил” тоифага киритилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги 69 та, Сурхондарёда 169 та, Қорақалпоғистонда 128 та, Сирдарёда 54 та, Фарғонада 162 та, Тошкент вилоятидаги 147 та мактабда муҳит қониқарсиз деб топилган.
“Бу туман ва шаҳар ҳокимлари мактаб масалалари ичига умуман кирмаганлигидан далолат. Январда ўтган селектордан кейин ҳам улар ўзига хулоса қилмаган. Ушбу вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларини охирги марта огоҳлантираман. Агар уч ойда ўзгариш бўлмаса, жиддий чора кўрилади. Бугунги кунда мактабнинг энг катта муаммоси – ўқитиш методикасининг мутлақо эскирганлиги. Афсуски, мактаб таълими эски қолипдан чиқа олмаяпти”, дейди давлат раҳбари.
Президент соҳадаги ишлар аҳволи қониқарсизлиги учун вилоят ва туман ҳокимларини кескин танқид қилди. Жумладан, икки ойда барча ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар натижасида республикадаги 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси анча пастлиги аниқланган.
Бу борада энг оғир аҳвол Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистонда экани кўрсатиб ўтилди.
Мирзиёевга кўра, ҳамма вилоятларда Президент мактаблари очилди, уларда замонавий илғор методикалар асосида таълим берилмоқда. Хусусий мактабларда ҳам бундай илғор методикалар жорий қилиняпти.
“Савол туғилади, қайси ҳоким ўз мактабларида ушбу илғор методикаларни жорий қилиш бўйича ишлаяпти? Афсуски, ҳозирча бундай ташаббуслар йўқ!”, дейди Президент.
Таъкидланишича, республика бўйича айни пайтда 120 та мактаб юқори коэффициентда ишламоқда. Бундан ташқари, кўплаб мактаб филиалларининг аҳволи мутлақо бугунги кун талабига жавоб бермайди.
Шунингдек, мактабларни компьютер билан таъминлаш бўйича маблағлар ажратилган бўлса-да, Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ишлар суст кетаётгани танқид қилинди. Олис ва чекка ҳудудлардаги ҳамда “оғир” шароитдаги мактабларда таълим сифатини ошириш билан боғлиқ ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.
LiveБарчаси