Президент топшириғи: ОТМларда зерикарли маъруза ва конспектлардан воз кечилади
Жамият
−
30 Апрель 2020
12067Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
Йиғилишда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига олий таълим муассасаларига режа ва дастурларни иш берувчилар талабидан келиб чиқиб мустақил тасдиқлаш ваколатини бериш бўйича вазифалар юклатилди. Дастурларнинг белгиланган талабларга мослигини назорат қилиш механизми ҳам ишлаб чиқилади.
Зерикарли маърузалар ўқиш, конспектлар ёздириш каби ўзини оқламаган усуллардан воз кечиб, таълим методикасини ривожлантириш ва педагоглар савиясини ошириш ғоят муҳим масалалиги таъкидланди.
Шу муносабат билан, Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига босқичма-босқич масофавий шаклда педагоглар малакасини ошириш, дарс машғулотларини масофадан кузатиш, баҳолашда инсон омилини камайтириш бўйича ишларни амалга ошириш топшириғи юклатилди.
Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни касбга йўналтириш тизимини такомиллаштириш заруриятига алоҳида эътибор қаратилди. Лицейларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқиш, селекция ишларини кучайтириш мақсадида таълим жараёнларини такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгиланди.