Президент тез тиббий ёрдамдаги муаммоларни ечишни ҳокимларга юклади

Жамият 2278
image

Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам ягона тизимга бирлаштирилиб, рақамлаштирилган, лекин ҳудудларда бу ишлар бошланмаган. Бу ҳақда бугун, 5 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шошилинч ва тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ҳамда уни аҳолига янада яқинлаштириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сўз очди.

“Тез тиббий ёрдам машиналарида замонавий навигация жиҳозларининг йўқлиги, 10 мингта кўчаларга ҳалигача ном, 500 мингга яқин уйларга рақам берилмагани учун тез ёрдам бригадаларининг асосий вақти манзилни топишга сарфланмоқда.

Шу билан бирга, туман даражасида шошилинч тиббий ёрдам тизими самарали йўлга қўйилмаган. Жумладан, туман шифохонасида терапия, педиатрия ва хирургия йўналишида ҳам режали, ҳам шошилинч бўлимлар мавжуд ва улар бир-бирини такрорлайди. Бунинг натижасида шошилинч операцияни бир бўлимда, унинг келгусидаги даволаниши бошқа бўлимда ўтказилмоқда. Оқибатда бемор сарсон, шифокорлар эса қўшимча қоғозбозлик билан овора”, дейди Президент. 

Шу муносабат билан барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига бу масалани ичига шахсан кириб, ушбу самарасиз амалиётдан тўлиқ воз кечиш чораларини кўриш топширилди.

Тизимдаги энг катта муаммо – шошилинч ёрдам бемор учун энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки фақатгина олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилиши қайд этилди.

Таъкидланишича, Мирзо Улуғбек тумани, “Қорасув-1” мавзесида “ўткир бош-мия жароҳати” олган беморни, тез ёрдам бригадаси йўлидаги энг яқин шифохона – Республика нейрохирургия марказига эмас, балки Чилонзордаги Республика шошилинч марказига олиб боришга мажбур. 

Шу каби, Фарғона тумани Миндонобод қишлоғида вилоят Кардиология маркази бўлсада, ушбу қишлоқдаги юрак хуружига учраган беморни тез ёрдам 15 километр йўл босиб, Водилда жойлашган туман шифохонасига олиб боради.

Шу боис, тез тиббий ва шошилинч ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган ва барча ҳокимларга етказилган. 

“Лекин, аксарият вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бу масаланинг мазмун-моҳиятини ҳали тўлиқ тушуниб етгани йўқ, айримлари эса тушунишни хоҳламаяпти”, дейди Президент.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 2.9
t
×