Президент тергов ва жазони ижро этиш муассасаларидаги қийноқлар ҳақида гапирди

Жамият 4497
image

Ўзбекистондаги тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида гумонланувчи ва жазога маҳкум этилганлар устидан содир этилаётган қийноқ ва тазйиқлар мамлакатнинг халқаро обрўйига путур етказмоқда. Шу боис Олий Мажлис палаталари бу борадаги ишни фаоллаштириши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида айтиб ўтди. 

Президентга кўра, тезкор қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарур. 

“Ушбу ҳолатлар ҳали ҳам учраб тургани, фуқароларнинг жиддий эътирозини келтириб чиқараётгани ҳамда мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳам айни ҳақиқат”, дейди Мирзиёев. 

Мурожаатномада Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан икки ой муддатда ўз таклифларини ишлаб чиқиши кераклиги белгиланди. Бунда Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига мониторинг ташрифлари тизими йўлга қўйилиши лозимлиги айтилди.  

“Олий Мажлис палаталари ҳар йили Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаши лозим”, дейди Президент. 

Маълумот ўрнида, январь-сентябрь ойлари давомида прокуратура органларига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида жами 2 323 та ариза ва хабарлар келиб тушган. Шундан 242 таси, яъни 10 фоиздан кўпроғи қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилингани ҳақидаги мурожаатларни ташкил қилган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 128
Рейтинг: 3
t
×