Президент тавсия қилган ёшлар етакчиси Наманган шаҳар ҳокимига ўринбосар бўлди

Жамият 3437
image
-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари Наманганга ташрифи чоғида ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида илгари сурилган “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” ташаббусини амалга ошириш борасида эътиборга молик таклифларини билдирган вилоят ички ишлар бошқармасининг ёшлар етакчиси Достонбек Абдуқаҳҳоровни Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари лавозимига тайинлашни тавсия этган эди.

Наманган шаҳар ҳокимининг қарори билан Достонбек Маъруфжон ўғли Абдуқаҳҳоров Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари – шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Маълумот учун, Достонбек Абдуқаҳҳоров 1990 йил 12 август куни Косонсой туманида туғилган. Маълумоти олий, 2014 йили Наманган давлат университетининг “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” йўналишини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2015 йилда Ички ишлар вазирлиги тизимида патруль-пост хизмати милиционери сифатида бошлаган.

2018-2019 йилларда вилоят ИИБ ташкилий бошқармаси мурожаатлар билан ишлаш бўлими катта инспектори вазифасида иш олиб борган.

Достонбек Абдуқаҳҳоров 2019 йил август ойидан буён ҳозирга қадар Наманган вилояти ИИБ кадрлар бошқармаси маънавий-тарбиявий ишлар ва ижтимоий ҳимоя бўлими ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 84
Рейтинг: 3
t
×