Президент ташрифидан сўнг болалар майдончасидан конструкциялар олиб ташланди. Нима учун?
Жамият
−
04 Август 2021
6728Ижтимоий тармоқларда Шавкат Мирзиёевнинг 28 июль куни Тошкент шаҳридаги 21-сонли Меҳрибонлик уйига ташрифи арафасида болалар майдончаси учун ўрнатилган конструкциялар ташрифдан кейин олиб кетилаётгани айтилган видеолавҳа кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Матбуот хизмати изоҳ берди.
Унга кўра, Юнусобод туманида жойлашган “Матонат” маҳалласи ҳудудида “Обод маҳалла” дастури амал қилмоқда. Шу сабабли болалар майдончасидаги эски конструкцияларни замонавий, хавфсиз турларига алмаштириш мақсадида олиб ташланмоқда. Эски учта конструкциялар ўрнига еттита янгисини ўрнатиш, шунингдек шийпонча ва болалар учун қумдон ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Хабарга кўра, ушбу маҳаллада жами учта болалар майдончаларини таъмирлаш кўзда тутилган. Кеча, 3 август куни дастури ижроси доирасида “Матонат” маҳалласида 80 нафар ишчилар бўлишган, бугун эса жараённи тезлаштириш мақсадида ишчилар сони 200 тага етказилади.
Маълум қилинишича, болалар майдончасидаги ўзгаришлар Президентнинг мазкур ҳудудга яқиндаги ташрифи билан боғлиқлиги ҳақидаги маълумот ҳам ишончсиздир. Aслида давлат раҳбарининг йўналишида ушбу ҳудуд бўлмаган.
LiveБарчаси