Президент совутгич ишлаб чиқарадиган заводни ишга туширди
Жамият
−
29 Август 2020
10823Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили июнда Яшнобод туманидаги Технопаркда режалаштирилган лойиҳалар билан танишган, бу йил февралда электрон газ ҳисоблагич корхонаси ишга туширилган эди.
29 август куни бу ерда иккинчи истиқболли лойиҳа – маиший совутгичлар ишлаб чиқариш заводи фойдаланишга топширилди. Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, корхонани очди.
Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Умумий қиймати 51,5 миллион АҚШ доллари бўлган корхонада Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” компанияси технологияси ўрнатилган. Ускуналарни монтаж қилиш ва лойиҳани ишга туширишга ҳам кореялик мутахассислар жалб қилинган.
Маълумки, мамлакатда шу пайтгача ҳам совутгичлар ишлаб чиқариларди. Фарқи шундаки, бу корхонаники юқори технологик, янги авлод маҳсулотидир. Шунга яраша уларнинг сифати юқори, сиғими ҳам катта.
"Собиқ авиация заводи тўхтаб, қаровсиз қолиб кетган эди. Кейинги йилларда ундан фойдаланиш бўйича кўрган чораларимиз аста-секин ўз натижасини бераяпти. Булардан мақсадимиз – одамларни ишли қилиб, ойлик бериш, рақобатбардош маҳсулот чиқариб, экспорт қилиш", деди Шавкат Мирзиёев.
Корхонада ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилгани натижасида ҳар 19 секундда битта маҳсулот тайёрлаш мумкин. Юқори қўшимча қийматга эга бу совутгичларнинг 30 фоизини экспорт қилиш кўзда тутилган. Бу ерда 1500 та иш ўрни яратилган.
Давлат раҳбари жамоатчилик фаоллари билан мулоқотда саноатни маҳаллийлаштириш масалалари ҳақида гапирди. Хусусан, 2016 йил якунида 100 минг тонна атрофида мис ишлаб чиқарилган бўлса, бу йил охирида 150 минг тоннага етказилиши таъкидланди. Келгусида 400 минг тонна режа қилинган. Маълумки, мис саноат маҳсулотлари тайёрлашда кенг қўлланилади. Уни қазиб чиқариш ҳажми кўпайиши импорт ўрнини босиб, мамлакат маҳсулотларининг дунё бозорида рақобатбардошлигини оширади.
Мазкур технопарк 2019 йил августда ташкил этилган. Бу ерда 2020-2021 йилларда 15 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Барча лойиҳалар бажарилгандан кейин жами ишлаб чиқариш ҳажми йилига 800 миллион АҚШ доллари бўлиши мўлжалланган.
LiveБарчаси