Президент селектор ўтказяпти. Сурхондарё ҳокими ўринбосари “учди”
Жамият
−
13 Апрель 2021
14806Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ёшларнинг бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича видеоселектор ўтказилмоқда. Унда бир қатор раҳбарлар лавозимидан озод этилди. Улар орасида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари Чори Бегимқулов ҳам бор. Бу ҳақда блогер Азиза Қурбонова хабар берди.
“Жойлардаги туман, шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбарларининг дунёқараши ўзгармаяпти. Ёшлар масаласи қандай муҳим эканини тушунмаяпти. Ёшларимизга ёрдам бериб, елкадош бўлишни хоҳламаяпти. Нега айни шу мавзуда йил давомида 2 та селeктор ўтказдим? Чунки, мен ишларнинг боришидан мутлақо норозиман. Жойларда савия йўқ. Ёшлар биздан 10-20 марталаб илгарилаб кетган. Ҳозирги замонга муносиб иш қилолмаяпмиз. Бирорта ташаббус йўқ. Кўп вилоятлар ҳокимлари бу (ёшлар билан ишлаш) пахта экиш, ғалла экишдек деб ўйлаяпти”, дейди Президент.
Президент ишсиз ёшларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича суст ишланаётганини танқид қилган.
“1+1” дастури доирасида 100 минг нафар ёшларни ўқитиб, кейин уларга имтиёзли кредит ажратиш топшириғи берилган, бироқ 3 ойда фақат 21 минг ёш ўқитилган.
Йиғилиш давомида айрим раҳбарларга қатъий огоҳлантириш берилди.
Ёшлар билан ишлашни муносиб ташкил қилмагани учун Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Бегимқулов, Фурқат тумани ҳокими Солиев ва Улуғнор тумани ҳокими Махсудов, Шофиркон ва Қамаши туманлари прокурорлари, Хива ва Чуст туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқлари эса ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрмагани, Хўжайли ва Ангор тумани солиқ идоралари раҳбарлари эса ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда сусткашликка йўл қўйгани учун лавозимидан озод этилади, деди давлат раҳбари.
LiveБарчаси