Президент сайловига оид қатор низомлар қабул қилинди
Жамият
−
14 Апрель 2021
6479Бугун, 14 апрель куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон Президенти сайловига оид қатор низомлар қабул қилинди. Бу ҳақда МСК Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартибини белгилаб берувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибига доир низомлар қабул қилинган.
Асосий тадбирлар дастурида сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ушбу жараёнда ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, сайловга тайёргарлик жараёнини коронавирус пандемияси шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларига тааллуқли бошқа айрим масалалар ҳам кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда президентлик сайловлари жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказилиши белгиланди.
Кейинчалик, чет элдаги ўзбекистонликларнинг президентлик сайловида овоз бериш тартиби маълум қилинди.
LiveБарчаси