Президент “Samsung”, “KIA Motors” компаниялари раҳбарлари билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди. 

Тадбирда Корея Республикаси савдо, саноат ва энергетика вазири Мун Син Ук, Корея халқаро савдо уюшмаси раиси Кристофер Ку, Корея Эксимбанки, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), “SK Ecoplant”, “Posco”, “Samsung”, “SK Nexilis”, “Youngone”, “KIA Motors”, “K-water”, “KT-Net” ва кўплаб бошқа компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев Корея компанияларини биргаликда янги, кенг кўламли ташаббусларни ишлаб чиқишга чақирди. Жанубий Корея ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда фаол тадбиркорлик учун яратилган шароитларни юксак баҳолади ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирди.

Учрашувда Корея компаниялари билан ҳамкорликда рақамлаштириш, “яшил” энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, фармацевтика, геология соҳалари ва бошқа кўплаб йўналишларда умумий қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ 40 та янги лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев бу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга аниқ муддатларини белгилаган ҳолда тегишли “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга топшириқ берди.

“Бош мақсадимиз – Корея бизнеси Ўзбекистонда қулай муҳитни ҳис этиб фаолият юритсин”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Корея компаниялари раҳбарларини Ўзбекистонга келиш ва у ерда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлардан фойдаланишга таклиф этди.

Шу билан Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига уч кунлик давлат ташрифи якунига етди. Давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

170

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг