Президент Самарқандда қурилаётган туризм марказига борди
Жамият
−
15 Апрель 2021
4578Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида барпо этилаётган туризм маркази қурилишини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ушбу мажмуа Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали бўйида, 212 гектар майдонда қурилмоқда. Лойиҳага кўра, бу ерда 10 та иншоот, жумладан, конгресс холл, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари бўлади.
Айни пайтда конгресс холл, “Абадий шаҳар” карвон саройи ва 8 та меҳмонхона бунёд этилмоқда. Меҳмонхоналарнинг иккитаси 22 қаватли, беш юлдузли, қолганлари тўрт юлдузли бўлади.
Маълумки, Самарқандда меҳмонхоналар кўп бўлишига қарамай, сайёҳлар кўп келганда ўринлар етишмай қолади. Масалан, 2019 йилда шаҳардаги барча отеллар банд бўлган. Давлат томонидан туризм ривожига катта имкониятлар яратилаётгани, 90 га яқин мамлакат фуқароларига визасиз режим жорий қилингани туристларни янада кўпроқ жалб этмоқда.
Қайд этилишича, қурилаётган марказ туристик хабга айланади. Бу ерда халқаро анжуманлар ўтказиш учун ҳам кенг шароит бўлади. Уни 2022 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Президентга мазкур янги сайёҳлик маркази имкониятлари, туристларга кўрсатиладиган хизматлар ҳақида маълумот берилган. Давлат раҳбари марказ бошқарувини самарали ташкил этиш, туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берган.
Шу ерда Самарқанднинг туризм инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари тақдимот қилинган.
Самарқанд шаҳрида илк бор гастрономик кўча, Самарқанд тумани “Конигил” маҳалла фуқаролар йиғинида юртимиздаги биринчи туризм қишлоғи ташкил этилган. Бундай максанлар сайёҳларнинг вилоятда қолиш вақтини узайтириш билан бирга, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига даромад манбаи яратишда муҳим омил бўлмоқда.
Давлат раҳбари мазкур туристик марказни шаҳар билан боғлайдиган йўл ўтказгични бориб кўрди, Уста Умар Жўрақулов ва Афросиёб кўчаларида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.
LiveБарчаси