Президент Паркентдаги маҳаллага борди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 18 июнь куни Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Кумушкон маҳалласида бўлиб, сайёҳлик салоҳияти ва меҳмон уйларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бу соҳага кўплаб имтиёзлар берилиб, ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда. Туризм қишлоқларида зарур инфратузилма ташкил этиляпти. Бу имкониятлардан фойдаланиб, хонадонида меҳмон уйи очганлар талайгина.

Охирги йилларда Кумушконга сайёҳлар келиши кўпайган. Бугунги кунда саксондан ортиқ хонадонда меҳмонхона ташкил этилган. Уларда йилига 172 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсатилмоқда.

Шундай тадбиркорлардан бири Олим Юсупов сой бўйидаги ҳовлисида 48 ўринли меҳмон уйи очган. Хоналар миллий услубда, шинам қилиб жиҳозланган. Меҳмон уйи йилига 2 мингдан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатади.

Президент бу ердаги ободлик ва омилкорликни кўриб, шундай лойиҳаларни бошқа сўлим масканларда ҳам ташкил этиш кераклигини таъкидлади. Тадбиркорларга зарур маблағ ажратиб, қўшимча хизматлар ташкил этишига кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди. Маҳаллаларда ички имкониятларни юзага чиқариш аҳолини банд қилишда катта манба экани қайд этилди.

Бу жойларга сайёҳлар сўлим манзаралардан баҳраманд бўлиш учун келади. Шунингдек, Масжидали зиёратгоҳи ҳам диққатга сазовор жойлардан бири.

Тошкент вилоятида мингга яқин шундай меҳмон уйлари бор. Уларда 2 минг 500 та иш ўрни яратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Паркент меҳмон уйи Кумушкон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг