Президент ногиронлиги бор шахсларга оид қарорни имзолади
Жамият
−
22 Декабрь 2021
8513Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 21 декабрь куни “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнтининг қарори
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг равишда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни меҳнат фаолиятига кенг жалб қилиш орқали ҳаёт сифати ва даражасини ошириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун янги иш ўринларини яратиш мақсадида:
1. Белгилансинки, 2022 йил 1 январдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилади.
Бунда, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган ташкилотга субсидия беришда Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси асос ҳисобланади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э.Мухитдинов) Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.Инаков) билан биргаликда бир ой муддатда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга субсидия бериш тартиби тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
2. 2022 йил 1 мартдан бошлаб:
а) Солиқ кодексининг 380-моддаси биринчи қисмига мувофиқ болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади;
б) 2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.
Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) бир ой муддатда Солиқ кодексига ушбу бандга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёзларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш (кейинги ўринларда – Идоралараро кенгаш) таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ҳамда Тадбиркор ногирон-аёллар миллий ассоциацияси раҳбарлари киритилсин.
Идоралараро кенгашнинг зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
• ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим муассасаларида инклюзив таълимини ривожлантириш, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш учун муқобил шаклдаги ўқув материалларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
• таълим муассасаларини битирувчи ногиронлиги бўлган шахсларнинг тавсия этилган касблар бўйича белгиланган тартибда корхона ва ташкилотларда амалиёт ўташни ташкил этиш;
• ногиронлиги бўлган шахсларнинг корхона ва ташкилотлардаги иш жойларини жиҳозлаш, мослаштириш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун зарурий меҳнат шароитларини ташкил этиш;
• ногиронлиги бўлган шахсларни улар ишга жойлашгандан сўнг ҳамда тадбиркорлик, ҳунармандчилик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошлагандан кейин қўллаб-қувватлаш механизмларини татбиқ этиш.
Идоралараро кенгашга раҳбарлик қилиш Савдо-саноат палатасининг раиси А.Икрамов зиммасига юклансин.
4. Давлат буюртмачиларига электрон кооперация биржаси порталида рўйхатдан ўтган, ишловчи ходимлари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар (кейинги ўринларда – ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар) билан улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.
Белгилансинки:
• ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг товарларини (ишлари, хизматларини) харид қилиш учун квоталар тақдим этиш тартиби бекор қилинади;
• мазкур бандга асосан тузилган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 000 бараваригача бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) харидига оид шартномалар ва уларга қўшимча келишувлар “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” давлат унитар корхонасида экспертизадан ўтказилмайди.
5. Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги йўналишлар учун субсидия ажратиб бориш тизимини жорий этсин:
• нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўргатиш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш, ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, шунингдек, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун;
• касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатиш курсларини муваффақиятли тугатган ҳамда махсус сертификатни олган, шунингдек, тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун.
Белгилансинки, субсидиялар ҳар бир ногиронлиги бўлган ёшнинг талабига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда мазкур бандда кўрсатилган йўналишлардан биттаси учун ажратилади.
6. “Эл-юрт умиди” жамғармаси (А.Бекмуродов) Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) билан биргаликда ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан 2022 йилдан бошлаб ҳар йили танлов асосида танлаб олинган 20 нафаргача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшларнинг етакчи хорижий олий таълим муассасаларида, шу жумладан, онлайн курсларда таълим олишини ташкил этсин.
7. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат органлари, шу жумладан, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида (кейинги ўринларда – давлат идоралари) ўз меҳнат фаолиятини олиб боришининг қуйидаги механизмлари жорий қилинсин:
а) Давлат хизматлари агентлиги (У.Муҳаммадиев):
2022 йил 1 мартга қадар ҳар бир ҳудудда биттадан давлат хизматлари марказида ногиронлиги бўлган шахсларнинг уларга мос келувчи лавозимларда (оператор, консультант, инспектор ва бошқалар) ишлаши учун қулай шароитларни яратган ҳолда меҳнат фаолиятини олиб боришини (кейинги ўринларда – тажриба-синов лойиҳаси) таъминласин;
2022 йил 1 сентябрга қадар тажриба-синов лойиҳаси натижаларига кўра мазкур амалиёт барча давлат хизматлари марказларида жорий қилинсин;
б) Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.Инаков) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э.Мухитдинов) ҳамда Давлат хизматлари агентлиги (У.Муҳаммадиев) билан биргаликда тажриба-синов лойиҳасини таҳлил қилсин ва унинг натижалари асосида 2022 йил 1 апрелга қадар давлат идораларида (шу жумладан, бошқа хўжалик юритувчи субъектларда) ногиронлиги бўлган шахсларнинг фаолият олиб бориши учун иш ўринлари ва касбларни мослаштириш бўйича тавсиялар, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши мумкин бўлган касб ва лавозимлар рўйхатини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
в) Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов) ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш, уларнинг бизнес юритишига кўмаклашишда маҳаллий ва хорижий тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлаш бўйича барча зарурий чораларни кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5217-сон қарорида 2022 йил 1 майдан бошлаб “Ижтимоий хизмат” электрон платформаси (кейинги ўринларда – Платформа) ишга туширилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.Инаков):
• Платформа ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон маълумотлари, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тиббий-ижтимоий хизматлар бўйича тезкор мурожаат қилиш каби масалаларни ўз ичига олишини таъминласин;
• Платформани такомиллаштириш бўйича буюртмачи функциясини амалга оширсин ва унинг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминласин.
9. Ногиронлиги бўлган шахсларни самарали қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ижтимоий хизмат” электрон платформасида:
а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Азизов) тиббий, психологик маслаҳат олиш бўйича онлайн мурожаатларни қабул қилиш, мунтазам равишда тезкор маслаҳатлар бериб бориш ҳамда бошқа тиббий хизматлар кўрсатиш чораларини кўрсин;
б) Туризм ва спорт вазирлиги (У.Азамов) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши ҳамда уларга имтиёзли хизматлар кўрсатиш чораларини кўрсин;
в) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги (Г.Маъруфова) “Aёллар дафтари”га киритилган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга кўрсатилаётган ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам турлари ҳамда эҳтиёжманд аҳолига субсидиялар ва бошқа лойиҳалар ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш чораларини кўрсин;
г) Давлат хизматлари агентлиги (У.Муҳаммадиев) Давлат хизматлари марказлари, жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш (санаторийларда, пансионатларда ва бошқа муассасаларда даволаниш учун йўлланмалар олиш) чораларини кўрсин;
д) Маданият вазирлиги (О.Мирзаев) ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, ногиронлиги бўлган ёшларнинг мусиқа ва санъат мактабларида, кутубхоналарда, ижодий устахоналар ва халқ усталари мактабларида “устоз-шогирд” тамойили асосида ўқиши, ташкиллаштирилаётган маданий тадбирларда иштирок этишига кўмаклашиш бўйича хизмат кўрсатиш чораларини кўрсин;
е) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э.Мухитдинов):
• “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига кирувчи бўш (вакант) иш ўринлари миллий базасини интеграция қилиш чораларини кўрсин;
• ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатадиган онлайн тўгаракларни ташкил этсин ҳамда ўқув қўлланмалари ва видеоматериалларни, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва ўқув марказлари манзиллари, улардаги ўқув курслари ва муддатлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштирсин;
ж) Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов), “Ҳунарманд” уюшмаси (У.Абдуллаев) ҳунармандчилик фаолиятини бошлаш учун асбоб-ускуна ҳамда меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия ажратиш, уюшмага аъзолик бадалини қоплаш учун субсидия бериш, “устоз-шогирд” тамойили асосида ногиронлиги бўлган шахсларга тавсия этилган касб-ҳунарларга ўргатиш чораларини кўрсин;
з) Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев):
• ногиронлиги бўлган ёшларга ўзини ўзи банд қилиш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўқиш учун жорий этилган субсидиялардан фойдаланишда кўмаклашиш;
• ногиронлиги бўлган ёшларнинг хорижий тиллар ўрганиш ва нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларини қоплаш, уларнинг асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишига ёрдамлашиш чораларини кўрсин;
и) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (К.Каримов) олий ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган ҳамда ўқиш истагидаги ногиронлиги бўлган ёшлар учун таълим муассасалари томонидан берилган имтиёзлар ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириб бориш чораларини кўрсин;
к) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (О.Пекось) ногиронлиги бўлган, шу жумладан, кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган шахсларнинг Платформадан қулай ва бепул фойдаланишини таъминлаш чораларини кўрсин.
10. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э.Мухитдинов) 2022 йил 1 февралдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун туман (шаҳар)лар ҳокимларининг қарори билан белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ва иш берувчилар томонидан иш ўринлари захирага қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига кирувчи бўш (вакант) иш ўринлари миллий базасида реал вақт режимида акс этиб боришини таъминласин.
Бунда, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ногиронлиги бўлган шахснинг ишлаши тавсия қилинган касблар тўғрисидаги маълумотлар “Бандлик хизмати” ахборот тизимига электрон тарзда юборилади.
11. 2022 йил 1 февралдан бошлаб:
а) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов) тасарруфида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда барча ҳудудлардаги касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар чоракда қисқа муддатли курсларни ташкил этсин.
Бунда, қисқа муддатли курсларнинг ўқув дастурлари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни инобатга олган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ҳамда Ўзбекистон карлар жамияти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади;
б) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э.Мухитдинов) “Ишга марҳамат” мономарказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, хорижий тил, компьютер саводхонлиги ва компьютерда дастурлаш асослари бўйича доимий равишда ўқув курсларини ташкил этсин.
Бунда, ўқув курс (гуруҳ)ларини ташкил этишда ногиронлиги бўлган шахслар учун бино-иншоотларни мослаштириш, тегишли шарт-шароитларни яратиш, жиҳозлаш, ўқув қуроллари ва ўқув-методик материаллар билан таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда хорижий грант ва кредитлар ҳисобидан амалга оширилади.
12. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э.Мухитдинов):
а) 2022 йил 1 июлдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида қуйидаги тадбирларни молиялаштириш шартларини назарда тутувчи ижтимоий буюртма маблағларини ажратиш тизимини жорий этсин:
• ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган касблар ва уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб ушбу шахсларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича давлат ёки нодавлат таълим ташкилотларига йўналтириш;
• ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ҳамда улар учун иш ўринларини мослаштирган иш берувчилар томонидан мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш даражасини ошириш;
• ногиронлиги бўлган шахсларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятига жалб қилиш ҳамда улар учун ижтимоий таъминотга оид ахборот ва маслаҳат бериш ҳамда уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш;
б) 2022 йилдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича амалдаги тартиблар асосида ажратиладиган грант миқдорини камида 2 бараварга оширсин;
в) 2022 йил 1 мартга қадар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий буюртма бериш, шунингдек, танлов шартлари ва уни ўтказиш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
г) 2022 йил 1 майга қадар давлат идораларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг белгиланган квоталарга мувофиқ ишга қабул қилиниши ҳолатини ўрганиб чиқиб, ўрганиш натижалари бўйича амалий чора-тадбирлар дастури лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
13. Ногиронлиги бўлган шахслар орасида уларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган энг яхши ижтимоий лойиҳаларни рағбатлантириб бориш мақсадида 2022 йилдан бошлаб қуйидаги номинациялар бўйича республика танловлари ташкил этилсин ва ўтказиб борилсин:
• Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан – “Энг яхши ижтимоий лойиҳа”;
• Савдо-саноат палатаси томонидан – “Энг яхши тадбиркор”;
• Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан – “Энг яхши талаба”;
• Туризм ва спорт вазирлиги томонидан – “Энг яхши спортчи”;
• Маданият вазирлиги томонидан – “Энг яхши китобхон”;
• Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан – “Энг яхши иш берувчи”.
Бунда, танлов натижалари ҳар йили “3 декабрь – Xалқаро ногиронлар куни” арафасида эълон қилинади ҳамда танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
14. Кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган шахсларнинг таълим олишини сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун китоблар, журналлар ва бошқа босма материаллар (матн, нота ёзуви, иллюстрацион материаллар, Брайль ёзувидаги китоблар ва аудиокитоблар) базасини кенгайтириш борасида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилсин:
Маданият вазирлиги (О.Назарбеков) 2022 йил якунига қадар барча болалар мусиқа ва санъат мактабларига кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган шахслар учун мўлжалланган матн ва нота ёзувларининг муқобил шакллари бепул тарзда етказиб берилишини таъминласин;
Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов) 2022 йил якунига қадар:
а) ўқув материалларининг аудиокитобларини ва аудио тасмадаги ёзувларни ёзиб олиш, Брайль ёзувидаги китобларни тайёрлаш ҳамда таълим муассасаларига етказиб бериш тадбирларини амалга оширсин;
б) алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларнинг ота-оналари учун методик тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларга етказиб берилишини таъминласин.
Бунда, мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар 2022 йилда тармоқ вазирликларига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
15. Савдо-саноат палатаси Туризм ва спорт вазирлиги, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган маҳсулотларнинг кўргазма савдоларини мунтазам равишда ташкил қилиш амалиётини жорий этсин.
Белгилансинки, кўргазма савдолари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо павильонларида доимий фаолият кўрсатиши таъминланади.
Савдо-саноат палатаси раҳбари А.Икрамов мазкур кўргазма савдоларини самарали ва тўлақонли амалиётга татбиқ этиш бўйича шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
16. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э.Мухитдинов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари тасарруфидаги корхоналар фаолиятини тубдан модернизация қилиш ва самарадорлигини ошириш бўйича ўрганиш ва баҳолаш ишларини ташкил қилсин ҳамда ўрганиш жараёнида қуйидаги йўналишларга эътибор қаратсин:
• ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари тасарруфидаги корхоналарнинг молиявий-иқтисодий, техник ва технологик ҳолатини таҳлил қилиш, уларни модернизациялаш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг аниқ манбаларини белгилаш;
• ижтимоий корхона, ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий маҳсулот, ижтимоий квота, ижтимоий масъулият тушунчалари ҳамда уларни амалиётга жорий этиш юзасидан илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш;
• ижтимоий корхоналар кластерларининг фаолиятини, биринчи навбатда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини қондиришга қаратилган, импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган ижтимоий маҳсулотлар (товарлар, хизматлар), замонавий тиббий реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришга йўналтириш;
• “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ижтимоий маҳсулот” товар белгиси остида ишлаб чиқаришни, кооперация ва касаначиликни кенгайтириш, маҳсулотлар (товарлар, хизматлар) турлари ва истиқболли бозорларга экспортини кўпайтиришнинг аниқ чораларини белгилаш;
• ижтимоий корхоналар кластерларининг ҳудудларда ҳамда хорижий давлатларда савдо уйлари ва фирма дўконларини ташкил этиш;
• ижтимоий корхоналар кластерларида ишлаб чиқарилган товарларни биржа савдоларида сотиш, давлат эҳтиёжи учун харид қилиш ва захирага олишнинг механизмларини такомиллаштириш;
• кўзи ожизлар, кар-соқовлар ва бошқа шаклда ногиронлиги бўлган шахсларга, шу жумладан, болалар соғлиғини реабилитация қилишга ихтисослашган марказлар, таълим, тиббиёт, маданият ва маърифат масканлари каби ижтимоий инфратузилмаларнинг фаолиятини ва моддий-техника базасини, таълимнинг ишлаб чиқариш билан интеграциясининг амалдаги тизимини танқидий таҳлил қилиш;
• замонавий менежмент ва маркетингга асосланган бошқарув ва ишчи кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини шакллантириш масалалари бўйича бевосита жойларга чиқиб ўрганган ҳолда чуқур таҳлилларга асосланган таклифларни ишлаб чиқиш.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э.Мухитдинов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.Холхўжаев), Молия вазирлиги (Ж.Абруев), ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари билан биргаликда ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва ЮНИСЕФнинг техник кўмагини жалб қилган ҳолда, 2022 йил 1 апрелга қадар ўрганиш натижалари бўйича ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари тасарруфидаги корхоналар фаолиятини комплекс (шу жумладан, давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида) ривожлантиришни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.
17. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарор мақсади ва вазифалари, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашни тарғиб қилувчи видеороликлар ва ижтимоий рекламалар ишлаб чиққан ҳолда, оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида кенг ёритилишини таъминласин.
18. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.М.Мухитдинов ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори А.К.Инаков белгилансин.
19. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ижрочи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2022 йил 1 июлга қадар ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
LiveБарчаси