Президент Навоийга ташрифини Карманадан бошлади
Жамият
−
27 Август 2021
7713Бугун, 27 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига сафарини Кармана туманидан бошлади. Давлат раҳбари бу ерда барпо этилган янги қуёш электр станциясини ишга тушириш маросимида иштирок этмоқда.
Шавкат Мирзиёев станциянинг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, бу иншоот Карманада “яшил энергетика”га ўтишдаги илк қадам эканини таъкидлади.
“Бугун Кармана туманида “яшил энергетика”га ўтиш йўлидаги биринчи қадам бўлмиш қуввати 100 мегаВатт бўлган замонавий қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилмоқда.
Барчангизни ана шу қувончли воқеа билан чин қалбимдан табриклайман”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу лойиҳа доирасида қисқа муддатда 110 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилган.
Бу ерда йилига 252 миллион килоВатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг ҳисобидан 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна буғланувчи газлар чиқишининг олди олинади.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу станция Янги Ўзбекистон энергетика тизимидаги биринчи мана шундай улкан қадам, таъбир жоиз бўлса, “биринчи қалдирғоч” бўлиб, соҳа ривожида мутлақо янги даврни бошлаб бераётганини таъкидлади.
“Маълумки, юртимизда бир йилда ўртача 320 қуёшли кун кузатилади. Ўлкамизни бежиз “Серқуёш Ўзбекистон” деб аташмайди.
Лекин шу пайтга қадар ана шундай улкан салоҳиятдан фойдаланиш масаласи эътиборимиздан четда қолиб келаётган эди”, деган Президент Мирзиёев.
LiveБарчаси