Президент Наманганни нима учун бошқа ҳудудларга намуна қилиб кўрсатишини айтди

Жамият 8599
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятини ва унинг аҳолисини нега бошқа ҳудудларга намуна сифатида кўрсатиши ҳақида гапирди. Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати Президентнинг сўзларидан иқтибослар келтирмоқда.

Давлат раҳбари пандемия даврида вилоятнинг ялпи ишлаб чиқиши 5 фоиздан ошганини қайд этиб, ҳеч қайси вилоятда бундай натижа бўлмаганини айтган.

“Наманганликларда тадбиркорлик, бирлашиш, натижага ишлаш деган одат бор. Иш услуби маданияти жуда юқори”, дейди Шавкат Мирзиёев. 

Ўзбекистон Президенти Наманган шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида журналистлар саволига жавоб берган. У Наманган вилоятини бошқа ҳудудларга намуна сифатида кўрсатишининг сабабларига тўхталиб ўтган. 

Шавкат Мирзиёев доим Наманган вилояти ҳамда унинг халқи ҳақида ўзгача меҳр билан гапириши ва бошқа ҳудудларга намуна қилиб кўрсатишининг сабаблари ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берган:

“Ҳақиқатан кўп учрашувларда, ҳар бир селектор йиғилишида Наманганни бошқа вилоятларга ибрат қилиб кўрасатаман. Бу вилоят билан Фарғонани таққослаб, таҳлил қилиб кўрайлик. Фарғонада нефтни қайта ишлаш заводи, “Фарғонаазот” каби катта-катта корхоналар бор. Наманганда-чи? Умуман йирик корхоналар йўқ. Афсуски, 30 йил ичида бу вилоятда мақташга арзигулик катта корхоналар қурмадик”.

Президент Наманган аҳолисини нега доим мақташига ҳам тўхталган.

“Наманганликлар тартиб-интизомни яхши кўради, уларда тадбиркорлик, бирлашиш, натижага ишлаш деган одат бор. Иш услуби маданияти жуда юқори. Охирги йилларда вилоят раҳбарлари тадбиркорларга давлат берган имкониятларни етказишда замон талабига муносиб ишлаяпти, тадбиркорлар ишонган”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бошқа вилоятларда солиқнинг асосий қисмини йирик корхоналар бажаришини, Наманганда эса ўрта ва кичик бизнес бу вазифани бажаришини таъкидлаган. 

“Ўтган йили пандемия пайтида вилоятнинг ялпи ишлаб чиқариши 5 фоиздан ошди, саноат улуши 16 фоиз бўлди. Ҳеч қайси вилоятда бундай натижа бўлгани йўқ. Мен албатта, Наманган халқининг меҳнати, ҳаракатлари ва натижасига қараб, уларни мақтайман, муносиб рағбатлантираман ва ҳар доим ибрат сифатида кўрсатаман”, дейди Президент.

Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига сафари давом этмоқда.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 288
Рейтинг: 3
t
×