Президент Муроджон Аҳмадалиевни “Ўзбекистон ифтихори” унвони билан тақдирлади
Жамият
−
01 Февраль 2020
15334Аввалроқ, профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев (8-0, 6 КО) икки йўналишда жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон ифтихори" унвони билан тақдирлаш ҳақидаги фармонни имзолади.
"Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, жаҳон миқёсида ўзбек спорти шон-шуҳратини янада оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, хусусан, Америка Қўшма Штатларининг Майами шаҳрида профессионал бокс бўйича бўлиб ўтган мусобақада юксак азму шижоат ва маҳоратини намоён этиб, юртимиз бокс спорти тарихида илк маротаба WBA ва IBF йўналишларида ғалаба қозониб, рекорд натижани қўлга киритгани ҳамда ёшларимизга ибрат намунасини кўрсатиб, улар онгида миллий ғурур, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини кучайтириш борасидаги катта хизматлари учун бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Аҳмадалиев Муроджон Қаҳор ўғлига "Ўзбекистон ифтихори" фахрий унвони берилсин", дейилади фармонда.
Майамида бўлиб ўтган бокс оқшомида Муроджон Аҳмадалиев икки йўналиш чемпиони бўлиб турган америкалик Даниэль Романгага (27-3-1, 10 КО) қарши рингга чиқиб, 12 раунд натижаларига кўра, ғолиб бўлди. Икки ҳакам Муроджон Аҳмадалиевнинг 115-113 ҳисобидаги ғалабасини тақдим этган бўлса, битта ҳакам 115-113 ҳисобида Даниэл Роман ғалабасини эътироф этди.
Шу тариқа Муроджон Аҳмадалиев Ўзбекистон тарихида илк марта бир йўла иккита чемпионлик камарини қўлга киритди. Профессионал фаолиятидаги 8 та жангида 8 та ғалабага эришган Аҳмадалиев тарихий рекордни такрорлади. Бунгача фақат Леон Спинкс 8 та жангдаёқ чемпионлик камарига эга чиққан эди.
LiveБарчаси