Президент мукофотланган ёшларга орден ва медалларни топширди

Жамият 5494
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан орден ва медаллар билан тақдирланган фаол ёшларга ушбу мукофотларни  тантанали равишда топширди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29 июндаги фармонига мувофиқ, ўзининг ижодий ва интеллектуал салоҳияти, танлаган касб йўналиши ва ижтимоий ҳаётда эришган муҳим натижалари билан турли соҳаларда юрт равнақига, унинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган фаол ёшлар орден ва медаллар билан мукофотланган эди. 

Қайд этилишича, мукофотланганлар юксак ишонч ва эътибор, ёшларга яратилаётган имкониятлар учун Президентга миннатдорлик билдириб, ўқиш ва интилишда фаол давом этиши, янада катта натижаларга эришиб, давлат ишончини оқлашини таъкидлаган.

“Билимли ёшлар — келажак пойдевори. Бугунги ҳаракатларингиз билан ўз келажагингизга асос соляпсизлар. Мен сизлар билан ғурурланаман”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунигдек, давлат раҳбари форумга йиғилган йигит-қизлар билан мулоқот қилди. Ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, улар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

“Ёшларга бераётган эътиборимиз натижалар бераётганини кўриб, хурсанд бўлдим. Бугун ҳеч бир соҳа йўқки, ёшлар муваффақиятга эришмаётган бўлса. Ёшларнинг йўлини очиб берсак, уларга елкадош бўлсак, янада улкан натижаларга эришамиз. Менинг энг катта ишонган кучим, давлатимизнинг энг катта бойлиги — бу ёшлар”, дейди Президент.

Тадбир катта концерт дастури билан якунланди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 118
Рейтинг: 3.1
t
×