Президент Мирзиёев Ўзбекистонда янги давр очди – NDT
Жамият
−
26 Январь 2021
24564Охирги вақтларда хорижий давлатлар медиасида Ўзбекистон ва Шавкат Мирзиёев, у олиб бораётган сиёсатга бағишланган мақолалар тез-тез бўй кўрсатяпти. Шундай мақолалардан бири “New Delhi Times” нашри томонидан эълон қилинди. Унинг муаллифи доктор Анкит Сривастана.
Мақолада Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти бўлгач, мамлакат фақатгина ҳар томонлама ривожланишда қиёси йўқ даврни ўтказибгина қолмай, шу билан бирга халқаро майдондаги позициясини мустаҳкамлаган ва Марказий Осиёдаги етакчи давлатга айлангани таъкидланган.
“Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ислоҳот курашчиси деб эълон қилинди”, деган мақола муаллифи.
Анкит Сривастана Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келишини ҳам эслатиб ўтган. У Биринчи Президент Ислом Каримовнинг вафотидан кейин 2016 йил сентябрда Олий Мажлис томонидан давлат раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган. Кейинроқ 2016 йил декабрда ўтказилган сайловда тўлиқ муддатга Президент этиб сайланган. 14 декабрда эса расман янги лавозимда ишга киришган.
“Мирзиёев лавозимга келиши билан демократик ва иқтисодий ўсишни таъминлаш учун қатъий қарорлар қабул қилди. Унинг қарашлари қуйидаги фикрида янада яхши акс этган: “Ҳукумат халққа хизмат қилиши керак, аксинча эмас”. Мирзиёев Ўзбекистон савдо ва инвестициялар учун очиқлигини таъкидлади”, дейилади мақолада.
Ўзбекистоннинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган миллий ривожланиш стратегияси янги Президент қарашлари билан қабул қилингани қайд этилган. Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда ривожлантириш стратегиясининг бешта устувор йўналиши белгилаб олинган:
1. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш.
2. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш.
3. Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, шунингдек, Вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш.
4. Аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш ва ишчи ўринлари яратиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, Арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш.
5. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўналишлари ҳамда Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар.
“Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги бу мажбуриятларни амалга оширишни таъминлади. Депутатлар одамлар билан мулоқот қилишга ва мунтазам равишда ўз округига боришга ундаляпти”, дейди муаллиф.
Кўрилган чоралар мамлакат сиёсий тизими учун ижобий натижалар бергани ҳамда сиёсатчилар ва сиёсий партияларнинг жамоатчилик орасида обрўси ошишига олиб келгани, Ўзбекистоннинг фуқаролик ва сиёсий манзараси сезиларли ўзгаргани қайд этилган.
Жамоат ташкилотлари ва ОАВга нисбатан либерал муҳитда фаолият юрита бошлагани, сиёсий жараёнларга нисбатан душман эмас, ҳамкор бўлишни бошлагани Мирзиёев президентлигининг ютуғи сифатида эътироф этилган.
Бошқарувда шаффофликни оширишда ютуқларга эришилгани, натижада Transparency International ҳаракатининг 2019 йилдаги “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да Ўзбекистоннинг ўрни сезиларли яхшилангани айтиб ўтилган.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятда яна қоладиган бўлса, Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрни янада яхшиланиши аниқ экани алоҳида таъкидланган.
“Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ислоҳотлари ижобий натижалар беришни бошлади. COVID-19 пандемияси дунё иқтисодиёти ривожига зарба бергунича Ўзбекистонда ҳавас қилгулик ўсиш суръати кузатилган”, дейди доктор Сривастана.
2020 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 0,2 фоизга кўпайган. Жаҳон банки маълумотига кўра, Ўзбекистон ЯИМ 2019 йил биринчи ярмида 5,8 фоизга ўсган. ЖБ пронозига кўра, мамлакат иқтисодиёти 2021 йилда 4,3 фоизга, 2021 йилда 4,5 фоизга ўсади.
Мақолада қайд этилишича, Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш суръати 3 фоизгача қайтиши кутиляпти.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг кредит хавфи рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланган. Жаҳон банкининг Doing Business рейтингига кўра, мамлакат 7 поғона юқорилаб, 190 давлат орасидан 8-ўринни эгаллагани таъкидлаб ўтилган.
Ўзбекистоннинг COVID-19 га қарши кураш чоралари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эътироф этилгани ҳам эслатиб ўтилган. Шунингдек, мамлакатда миллий диагностика лабораториялари сони 60 тага етгани таъкидланган.
“Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлати сифатида Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширди. COVID-19 пандемияси вақтида Шавкат Мирзиёев инфекция тарқалишига қарши чораларни ишлаб чиқишга бошчилик қилди. Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонга инсонпарварлик ёрдам кўрсатди”, деган мақола муаллифи.
Доктор Анкит Сривастана Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш тарафдори эканини ҳам эслатган ва уни олқишлаган.
“Ўзбекистоннинг бу таклиф ва ташаббуси Марказий Осиё давлатларидаги иқтисодий ва минтақавий вазиятни мустаҳкамлабгина қолмай, региондаги хавфсизликни ҳам оширади”, дейди у.
Мақолада Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон борасидаги қарашларига ҳам тўхталиб ўтилган.
“Ўзбекистон Президенти Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун БМТнинг Афғонистон бўйича доимий комиссиясини тузишни таклиф қилди. Бу Афғонистондаги ҳар қандай тинчлик жараёни афғон халқининг танловига тўғри келиши керак деган принципга мос”, дейилади мақолада.
Муаллиф сўзи сўнгида Шавкат Мирзиёевнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсати муваффақиятли бўлганини қайд этган. Шунингдек, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Марказий Осиёнинг минтақавий хавфсизлиги соҳасида етакчи ўйинчига айланаётгани таъкидланган.