Президент Мирзиёев ҳудудларга ташрифи пайтидаги кўзбўямачиликларга муносабат билдирди
Жамият
−
17 Август 2021
15125Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида ҳудудларга ташрифи пайтидаги кўзбўямачиликларга муносабат билдирди.
Давлат раҳбари ҳудудларга ташрифи давомида аччиқ бўлса-да, ҳақиқий вазиятни билишни исташини айтиб ўтган. Президент шу сабабдан ҳудудларга ташрифи чоғида "протокол"га киритилмаган манзилларга боришини қўшимча қилган.
“Мен Президент сифатида иш бошлаган биринчи кунларданоқ ўз командамни ҳақиқий ҳолатга мутлақо алоқаси бўлмаган баландпарвоз гаплар ва “чиройли” рақамларни ёқтирмаслигимни айтиб, қаттиқ огоҳлантирганман. Қанчалик аччиқ ва ноқулай бўлмасин, мен фақат тўғри ва ҳаққоний маълумотни билишни истайман. Бу мен учун тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.
Албатта, бу талабни ҳамма ҳам тушуниб етгани йўқ, ҳалиям эскича усулда маълумот беришга уринишлар бўлиб туради. Лекин мен бундай ҳолатларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламан. Ана шу ҳақиқатни тушунмаганларнинг кўпчилиги билан хайрлашдик ва бу масалада талаб доимо қаттиқ бўлади. Яна бир бор айтаман, раҳбар ва мутасадди шахслар ўртасида кимки ана шу ўткир талабни тушунмаса, қанчалик оғир бўлмасин, улар билан хайрлашамиз.
Менинг мамлакатимиз бўйлаб амалга оширадиган ҳар бир ташрифимдан асосий мақсад – халқ қандай яшаётгани, нима билан нафас олаётганини билишдан иборат. Бу – ўта муҳим масала. Шунинг учун кўп ҳолларда сафар давомида йўналишни тўсатдан ўзгартиришимга тўғри келади. Бундай кутилмаган, ҳеч қандай протоколда қайд этилмаган “маршрут”лар жойлардаги раҳбарларни бўшашмасдан, доимо ишчан ҳолатда туришга ўргатади, деб ўйлайман.
Афсуски, неча бор айтишим, огоҳлантиришимга қарамасдан, жойларда фақат менинг ташрифим олдидан кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида “майсазор” ва “гулзор”лар пайдо қилиш, умуман, ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар давом этмоқда. Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпти. Лекин қандай бўлмасин, бу каби иллатларга бутунлай чек қўйишимиз керак. Чунки бундай ҳолатлар ростгўй, сохта гап ва ишни умуман қабул қилмайдиган халқимизнинг асл табиатига мутлақо ётдир.
Шавкат Мирзиёев маҳаллий ҳокимият идораларининг иши Президент келиб кетиши билан тугамасдан, аксинча, ташрифдан кейин янгитдан бошланиши, ҳатто олдингидан ҳам кўпайиши лозимлигини таъкидлади, шунда ишда суръат ва сифат, асосийси, натижа учун ишлаш малакаси шаклланишини айтиб ўтган.
"Илгари ҳокимлар ташрифдан ташрифгача бўлган вақт оралиғида бамайлихотир, таъбир жоиз бўлса, ялло қилиб юрарди, энди эса улар ўз олдига аниқ мақсад ва вазифа қўйиб, халқ билан маслаҳат асосида астойдил ишламоқда. Чунки улар билади: Президент келгуси сафар албатта ҳар бир масала бўйича аниқ натижани сўрайди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
LiveБарчаси