Президент Миллий гвардия фаолиятига оид фармонни имзолаши кутилмоқда
Жамият
−
16 Апрель 2019
15503Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари билан ишлаш ва уларнинг хизмат ўташини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалар муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, кадрлар захирасини шакллантириш, шунингдек ходимларнинг хизмат ўташини ташкил этишда қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг асосий вазифалари деб ҳисобланади:
• бўш лавозимларни ўз касбий фазилатлари, хулқ-атвори ва маданият даражаси билан намуна бўлган истиқболли кадрлар билан жамлаш механизмини жорий этиш;
• иш тажрибасининг ворисийлигини, ёш ходимларнинг хизматга амалий мослашишини, касбий шаклланиш жараёнини тезлаштириш ҳамда уларда хизмат вазифаси бўйича зиммасига юклатилган вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини ривожлантиришни таъминловчи самарали устоз-шогирд тизимини жорий этиш;
• ходимлар ўртасида барқарор профессионал кадрлар таркибини шакллантириш, ходимларнинг узоқ муддатли хизматини рағбатлантириш, шунингдек кадрларнинг профессионал ва шахсий фазилатлари ҳамда қобилиятларини инобатга олган ҳолда лавозимларга оптимал тақсимлаш;
• ижро интизомини, жумладан бошқарув қарорлари ҳар бир бевосита ижрочига ўз вақтида етказилиши ва бажарилишини тизимли узлуксиз назорат қилинишнинг замонавий ахборот-коммуникацион технологияларини кенг жорий этиш орқали таъминлаш механизмини қайта кўриб чиқиш.
Фармон билан:
• Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг хизмат ўташ тартиби тўғрисидаги низом;
• Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг Интизом устави тасдиқланиши кутилмоқда.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосарлари ва бошқарма бошлиқлари:
а) ҳар чоракда жойларга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг бўлинмалари, хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлашни таъминлаш бўйича алоҳида батальони, ўқув марказлари (Фарғона ва Жиззах вилоятлари), назорат-рухсат бериш фаолияти бўлинмалари раҳбарларининг аниқ эришилган натижаларини кўрсатган ҳолда бошқарув қарорлари ижросининг амалга оширилиши ҳақидаги шахсий ҳисоботларини кенгайтирилган мажлисларда тинглайди;
б) ҳар ярим йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳайъатида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, шунингдек хизмат ўташни, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларни инобатга олган ҳолда қилинган ишлар юзасидан шахсан ҳисобот беради. Бунда қуйидагилар бўйича аниқ чоралар кўрилиши назарда тутилади:
ташаббус кўрсатмайдиган ва масъулиятсиз раҳбарларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш;
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг ижобий иш тажрибасини татбиқ этиш ва қўллаш.
Фармон билан қуйидагилар белгалиб қўйиладики:
• пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддати календарь ҳисобида йигирма йилни ташкил қилади, улардан имтиёзли ҳисобланадиган даври ходимларга пенсия миқдори ҳисобланаётган вақтдагина инобатга олинади;
• Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан таъминланувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларига ўрнатилган пул таъминотининг меъёрлари жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар асосида фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимларининг ходимларига ҳам тадбиқ этилади;
• кўрсатилган учун келиб тушган маблағлар ҳисобидан фаолият юритувчи Миллий гвардия тизимидаги муассасаларда хизмат қилаётган ходимларга санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар бериш ушбу муассасаларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
• Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари кундузги, сиртқи таълим шаклида, касбий тайёргарлик факультетида, раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети (олий курслар)да Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия қўмондони ва Ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакасини оширади;
• ходимларнинг болалари давлат мактабгача таълим муассасаларига яшаш ёки хизмат ўташ жойи бўйича навбатдан ташқари қабул қилинади.
Қуйидаги тартиб ўрнатилади:
• Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида устозлар мутахассислик бўйича камида беш йил хизмат қилган, юксак касбий фазилатларга, хизматда самарали кўрсаткичларга ва тарбиявий йўналишда кўникмаларга эга бўлган энг тажрибали ходимлар орасидан танлаб олинади;
• устозларга, қоида тариқасида, кўпи билан бир нафар офицерлар таркибидан бўлган ходим, уч нафаргача сержантлар таркибидан бўлган ходимлар, беш нафаргача сафдорлар таркибидан бўлган ходимлар бириктирилади;
• устозлар ўзларига бириктирилган ходимларнинг таълим-тарбиясига масъулиятсизлик билан ёндашганида, шунингдек ходимлар лавозимга киришиши даврида хизмат интизомини бузган ҳолларда устозлар, айблик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгиланган тартибда интизомий жазога тортилади.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг хизмат интизоми ва бенуқсон узлуксиз хизмати учун ташаббускор ва виждонли ходимларни тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фахрий ходими” идоравий кўкрак нишони таъсис этилади.
Қуйидагиларга:
• Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонига – амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда фаолият йўналишларининг сифатли ва тўла ҳажмда амалга оширилиши, хизматлар фаолиятининг самарали мувофиқлаштирилиши, ҳамкорлиги ва марказий аппарат томонидан қабул қилинган бошқарув қарорларининг муқаррар ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилиши бўйича;
• барча даражадаги ва соҳавий бўлинмалар раҳбарларига – ходимларни танлаш ва жой-жойига мақсадли қўйиш, ходимларни ўз вақтида ва холислик билан рағбатлантириш ҳамда интизомий жазо чораларини кўриш, уларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлаш, шунингдек раҳбарлик қилаётган бўлинмада ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича;
• соҳавий бўлинмалар раҳбарларининг кадрлар, ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-аҳлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосарларига – ўз хизмат вазифаларини виждонан бажараётган ходимларнинг хизматда кўтарилишини таъминловчи кадрлар захирасини шакллантириш, уларни ўқитиш ва улардан тўлақонли фойдаланиш, шахсий таркиб билан самарали тарбиявий ишни олиб бориш ва хизмат ўташни назорат қилишни ташкил этиш бўйича;
• мутахассисларга бириктирилган устозларга – ходимларга амалга ошираётган фаолиятида натижадорликка ҳамда юклатилган вазифаларни самарали бажаришга интилишни сингдириш, уларда амалий иш кўникмаларини шакллантириш ва хизмат бурчига ташаббускорлик билан муносабатда бўлишини тарбиялаш бўйича шахсан жавобгарлик юклатилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси:
• икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг пул таъминоти таркибига кирувчи тўловларнинг тузилмаси ва рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тасдиқлаш учун киритади;
• уч ой муддатда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси, Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлашни таъминлаш бўйича алоҳида батальони, Назорат-рухсат бериш фаолияти бўлими ходимларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни белгиловчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилинишини таъминлайди;
• икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларига устоз-шогирд анъанасини жорий қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлайди, бунда устозлар захирасини шакллантириш тартиби, рағбатлантириш ва интизомий жазолаш чораларини қўллаш билан устозлар ишини ташкил қилишнинг таъсирчан механизмини назарда тутади;
• 2019 йилнинг 1 сентябрига қадар ходимларнинг хизмат, жисмоний ва аҳлоқий-психологик тайёргарлигини сифат жиҳатдан янги тамойиллар асосида ташкил этиш тартибини танқидий қайта кўриб чиқади, бунда унинг мазмуни бўлинмалар эҳтиёжига мос келиши, ҳудуд, лавозим мажбуриятлари ва хизмат хусусияти инобатга олинишини таъминлайди;
• 2019 йилнинг 1 августига қадар электрон ҳужжат айланиши, ҳужжатларни қайд этиш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини, уларни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси соҳавий хизматларига, унинг ҳудудий бўлинмалари ва бевосита жойлардаги ижрочиларга ўз вақтида етказиш механизмини такомиллаштириш бўйича таъсирчан чораларни кўради;
• уч ой муддатда ходимларнинг умумий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда улар ўртасидаги ўзаро муносабатларни, асосий мансабдор шахсларнинг мажбуриятларини, шунингдек ички тартиб қоидаларини белгиловчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларининг ички хизмат уставини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь