Президент “Матонат мактаби”ни ташкил этишни таклиф қилди 

Жамият 1671
image

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби” ташкил қилинади. Бу ҳақда, бугун, 10 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Япония пойтахти Токиода бўлиб ўтган XVI Паралимпия ўйинларининг иштирокчилари, уларнинг мураббийлари ва ота-оналари билан учрашувда маълум қилди. 

Учрашув давомида, давлат раҳбари ёшларнинг озгина тўсиқларга бардош бера олмасдан ўзини йўқотиб қўяётганини айтиб, уларга жавобгар эканини таъкидлади.

“Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам менинг болаларим. Уларга мен жавобгарман”, дейди Президент.

Шунингдек, Мирзиёев ҳаёт синовларида тобланган намунали инсонлар, юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни кенг жалб этган ҳолда “Матонат мактаби”ни ташкил этишни ҳам таклиф қилди. 

“Юртимизда чинакам матонат эгалари жуда кўп. Яқинда уч фарзандига қўшиб яна олти нафар болани асраб олган оила ҳақида эшитдим. Мана бу ҳақиқий матонат. Бундай фидойи, олийжаноб инсонлар, ғолибларни барчага намуна қилиб кўрсатиш керак. Ўзининг юксак иродаси ва матонатини намойиш этиб келаётган спортчи ва ҳарбий ёшларимиз ҳам “Матонат мактаби”нинг етакчи вакиллари сифатида фаолият олиб борсалар, таълим масканларида, меҳнат жамоаларида, айниқса, маҳаллаларда ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётлари, машаққатли йўллари, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётгани ҳақида сўзлаб беришса, бошқа ёшлар ҳам албатта, уларга эргашади”, дейди Президент.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3.1
t
×