Мирзиёев коронавирусга қарши кураш бўйича қўшимча топшириқлар берди
Жамият
−
11 Март 2020
13404Бугун, 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда жамоат саломатлигини таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Давлат раҳбарининг шу йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида аҳоли саломатлигини яхшилаш бўйича устувор вазифалар белгиланган эди.
Бугунги йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида касалликларнинг олдини олишдан кўра уларни даволашга кўпроқ эътибор қаратилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, инсон саломатлигига таъсир этувчи омиллар орасида тиббий таъминот 10 фоизни, ирсий омиллар 15 фоизни, атроф-муҳитнинг ҳолати 20 фоизни ташкил этади. Энг муҳими, инсоннинг турмуш тарзи (жисмоний фаоллик, овқатланиш, зарарли одатлар) унинг саломатлигига 55 фоизгача таъсир кўрсатар экан.
Шу сабабдан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясига илғор хорижий тажриба асосида аҳоли саломатлигини яхшилаш, одамларни соғлом турмуш тарзига ўргатишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Аҳоли саломатлиги профилактикаси аввало қишлоқлардан бошланиши ва бунга жавоб берадиган яхлит тизим бўлиши кераклиги қайд этилди. Масалан, сувнинг ифлосланиши буйрак, ошқозон-ичак хасталикларига, атмосферадаги радиация, озиқ-овқат маҳсулотларида кимёвий воситаларнинг кўплиги онкологик, нотўғри турмуш тарзи қон-томир, юрак, эндокрин, асаб касалликларга сабаб бўлмоқда.
Бу масалаларни чуқур таҳлил қилиб, аниқ дастурлар асосида жойларда манзилли иш ташкил этиш вазифаси қўйилди.
“Ҳозирда жаҳон бўйлаб коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиши юртимиз аҳолисини ҳам маълум маънода хавотирга солмоқда. Дунёда жамоат саломатлиги тизимини, гўёки, синовдан ўтказаётган ушбу хасталикнинг Ўзбекистонга кириб келмаслигини таъминлаш аввало мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими, профилактика ишларини янада юқори даражага кўтаришни тақозо этади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига бу борада кўрилаётган карантин ва профилактика чоралари бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Бунда, энг аввало, халқаро тажриба асосида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш марказини бириктириб, Агентлик салоҳиятини ушбу вазифаларни самарали ташкил этишга қаратиш кераклиги таъкидланди.
Агентликнинг вилоятлар ҳамда туман ва шаҳарларда алоҳида марказлари ташкил этилади. Қишлоқ поликлиникаларида бу ишларни самарали йўлга қўйиш учун учтагача мутахассислар ажратилади. Улар қишлоқ аҳолисини тўғри овқатланиш, гигиенага риоя қилиш, онкологик, юрак қон-томир касалликларига мойил бўлганларни барвақт аниқлаш билан шуғулланади.
Қишлоқ врачлик пунктлари аҳолини юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар бўйича мақсадли тиббий кўрик ва сўровдан ўтказишни ташкил этиши зарурлиги айтиб ўтилди. Масалан, 40 ёшдан ўтганда инфаркт, инсульт, диабетга, 35 ёшдан ошган аёлларда эса саратонга мойиллик пайдо бўлади.
Шунингдек, Агентлик ходимлари ҳар бир хонадон, таълим муассасалари ва ташкилотларга бориб, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш, дам олиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш ишларини ташкиллаштиради.
Президент ушбу соҳада фанни ривожлантириш, илмий-тадқиқот муассасаларини қўллаб-қувватлаш борасида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Мазкур муассасалар ҳудудлардаги касаллик омиллари ва сабабларини таҳлил қилиб, уларнинг ҳар бири бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши, Агентлик ҳар бир ҳудуд бўйича дастурлар қабул қилиши ва ҳокимликлар билан ижросини ташкил этиши лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бир қаторда, илмий-тадқиқот муассасаларининг ҳозирги аҳволи бу ишларни ташкил этишга тайёр эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Овқатланиш, меҳнат, ўсмирлар гигиенаси билан шуғулланадиган, санитар меъёр ва қоидаларни ишлаб чиқувчи илмий-тадқиқот институтида атиги 13,5 та штат мавжуд.
Шунингдек, ёш болалар ўртасида паразитар, рахит ва дистрофия касалликлари хавфи катта бўлсада, уларни олдини олиш ва даволашнинг самарали тизими йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, ушбу хасталиклар болаларнинг иммун тизимини ишдан чиқариб, бошқа дардларга мойиллигини кучайтиради.
Шу сабабли, Самарқанддаги Тиббий паразитология илмий-тадқиқот институти клиникаси Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти билан бириктирилади. Улар негизида Эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар республика илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиб, даволаш жараёни илм билан бирга амалга оширилади.
Давлат раҳбари яна бир муҳим масалага эътибор қаратди – хасталик омилларини таҳлил қилиб, даволовчи шифокорларга профилактика йўналишида асосланган тавсия берадиган мутахасисларни тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.
Н.И.Пирогов номидаги Россия тиббиёт илмий-тадқиқот университети ҳамда Туркиянинг Баҳчешеҳир университети филиал ва клиникаларини очиш ишларини жадаллаштириш кераклиги қайд этилди.
Йиғилишда юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларни барвақт аниқлаш, ҳисобини юритиш, таҳлил ва статистикасини тўғри йўлга қўйиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Масалан, 2018 йилда 24 мингтага яқин аниқланган хавфли ўсма касалликларининг 55 фоизи 3 ва 4-босқичда аниқланган. Бу ҳар иккинчи беморнинг даволанишига умид йўқлигини англатади.
Шу муносабат билан, касалликларнинг олдини олишда содда, лекин замонавий ва самарали услубларни қўллаш, уларни жорий этиш кўламларини кенгайтириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Мисол учун, оддийгина вазн, бўй, бел айланаси, қон босимини ўлчаб, турмуш тарзини сўраб-суриштириб, инсонда инфаркт, инсульт, диабет, гипертония каби кўплаб касалликларни барвақт аниқлаш мумкин.
Йиғилишда аҳоли саломатлигини назорат қилиш тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизими яратилмаган, дейишга асослар етарли. Мисол учун, уларнинг таркибида техник пальма мойининг ишлатилиши қатъиян тақиқланган, лекин буни аниқлайдиган механизмлар йўлга қўйилмаган. Ваҳоланки, ушбу маҳсулот инсон организми учун ғоят зарарли бўлиб, ҳаётий муҳим органларни ишдан чиқариши билан бирга онкологик касалликларга сабаб бўлади.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарлар ҳисобот берди, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.