Президент Конституцияга “Миранда қоидаси”ни киритишни таклиф қилди

Жамият 15060
image
-

Таҳлиллар Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганда, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмаётганини кўрсатмоқда. Бу масалага Президент Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия мажлисида тўхталди.

“Натижада, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозим. 

Яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт. Ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келди, деб ўйлайман”, деган Президент.

Бундан ташқари, у “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган. Яъни, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас.

“Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш кераклиги ҳақидаги нормани ҳам Конституцияда акс эттиришимиз зарур”, дея қўшимча қилган Президент.

Миранда қоидаси – Америка Қўшма Штатларидаги қонуний талаб. Унга кўра, ҳибсга олинган пайтда ҳибсга олинган шахсга унинг ҳуқуқлари ҳақида маълумот берилиши ва уни қўлга олаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими фуқаро айтилганларни тушундими ёки йўқми деган саволга ижобий жавоб олиши керак.

Миранда қоидаси тарихий Миранда Аризонага қарши ишидан келиб чиққан ва судланувчи Эрнесто Миранда шарафига номланган. Унинг кўрсатмаси Бешинчи тузатишни бузган ҳолда қўлга киритилган деб иш материалларидан чиқариб ташланган. Миранда эса ишдаги бошқа далилларга кўра айбдор деб топилган.

Бундан олдин давлат раҳбари Бош қомусда ўлим жазосини тақиқлаш нормасини акс эттириш таклифини билдиргани хабар қилинганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 474
Рейтинг: 3
t
×