Президент ким бўлишидан қатъи назар ўзгарарди – Назарбеков Конституциянинг ўзгариши ҳақида

Маданият-санъат

image

Ўзбекистонда Президент ким бўлишидан қатъи назар Конституция ўзгариши керак эди. Бунга табиий эҳтиёж бор. Мавжуд қонунчилик фаолиятни қийинлаштиряпти ва айри тўсиқларни келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков кеча, 29 июнь куни журналистлар билан учрашувда айтган.

Назарбеков Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга ишора қилар экан, ким президент бўлишидан қатъи назар “бу барибир содир бўларди” деган фикрни илгари сурди. У ОАВ ходимлари учун жаннат томон йўл ахборот жангидаги жиҳод йўли эканлигини айтган. 

“Конституциявий ўзгаришлар – бу ўта долзарб масала. Ҳозир, айниқса, сиз [журналист]ларнинг “сезон”инглар бошланди. Том маънода ахборот жанги нуқтаи назаридан сизларга жиҳод мана шу. Ҳақиқий маънода жаннатни қозонадиган жиҳод мана шу – жамиятни онгини ва тафаккурини ҳимоя қилиш. 

Президентимиз менга кўп гапирадилар: “Мудофаа халқимизнинг жонини асраши керак бўлса, маданият тафаккурини асраши керак”. Ҳақиқатдан ўта тўғри, аслида бу мудофаадан ҳам қийинроқ, амалга ошириш оғирроқ бўлган вазифа. Биз оддий ҳақиқатларни халқимиз тушунадиган тилда етказиб беришимиз ўта муҳим. Эҳтимол, бу инструментимиз ҳали соғлом эмас, ҳали ахборот хуружларига қарши туриб берадиган аниқ стратегияларимиз кўринмайди, камчиликларимиз эса мана шу соҳада кўринади. Лекин буни ўта муҳим санаб бугунги жараёнларда содда қилиб айтганда, “повод” бермаслик керак. “Юртимизнинг келажагига бефарқ бўлмаган, жонкуяр” дўстларимизга қарши тура билиш, айниқса, асосли-асосли фикрлар билан қарши тура билиш ва учинчи объектни асраб қолиш. Учинчи объект – жамиятимиз, халқимиз. Яъни ўртада кимнинг фикрига эргашсам экан, деган қатлам аслида асосий қатламни ташкил қилади. Мана шу жангда кимнинг ахбороти кучлироқ, кимнинг ахбороти ишончлироқ бўлса, демак учинчи объект ана шу томонга истаса-истамаса оғади”, дейди вазир. 

Назарбековнинг қайд этишича, Мустақилликнинг илк босқичида Ўзбекистонда давлат хавфсизлиги бошқа масалалардан устувор бўлган. Ўша вақтда керак бўлса халқни қўрқитиш эвазига ҳам давлатни кучайтириш керак бўлган. 

“Мен кўп таҳлил қиламан, мустақиллигимизнинг илк йилларида бизга нима муҳим эди? Давлатчилик. Мустақиллик йилларида фуқаролик жамиятидан кўра давлат дахлсизлиги муҳим масала эди. Давлатни кучайтириш керак эди, бошқа йўл йўқ эди. Халқни қўрқитиш эвазига бўлса ҳам давлатни кучайтириш керак эди, вазият шуни талаб қиларди. Бугун фуқаролик жамиятига қадам қўйдик, яхши мустаҳкам давлатимиз бор, ҳаммамиз ишонамиз. Марказий осиёда давлат сифатида кимдандир кам жойимиз йўқ”, дейди Назарбеков. 

Унинг қайд этишича, фуқаролик жамиятига ўтиш 2016 йилдан, Ҳаракатлар стратегиясини тузишдан бошланган. Бунинг учун уйма-уй, эшикма-эшик юрилиб, фуқароларнинг дарди тингланган. Улардан тўпланган маълумотлар ортидан эса Тараққиёт стратегияси юзага келган. 

Бугун эса халқнинг муаммоларини ўрганиш натижасида тузилган режаларни амалга ошириш учун қонунчиликда камчилик пайдо бўлган. Кечаги нормалар, кечаги тартибларнинг бугунги режаларни бажаришга қуввати етмаяпти ёки тўсиқлар бор. 

“Бу табиий жараён, уни ўта примитив фикрлашга қўйиб бермаслик керак. Президент ким бўлишидан қатъи назар мана шу ҳолат бўларди. Тамойиллар ўзгаряптими? Тамойилларни амалга оширувчи қонунлар ўзгариши учун табиий эҳтиёж бор. Қайсидир шахсларнинг қизиқишларини ҳимоя қилиш учун бу талаблар ўртага чиқмаяпти. Давр ва замон бу талабларни ўзи ўртага қўйяпти”, дейди Назарбеков.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

157

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг