Президент Хоразмга ташрифни “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасидан бошлади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифини “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасидаги “Develop Textile” хорижий корхонаси фаолияти билан танишишдан бошлади. 

Иқтисодий зона Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги фармонига мувофиқ ташкил қилинган. Давлат раҳбари ўша йили октябрда бу ерга келиб, тақдим этилган лойиҳалар бўйича топшириқлар берган эди.

“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 306 миллион доллардан зиёд бўлган, жумладан, 266 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эвазига, умумий ҳисобда 19 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларда сендвич панеллар, ювиш воситалари, автомобиль радиаторлари, қурилиш материаллари, трикотаж маҳсулотлари, тиббиёт қўлқоплари, пойабзаллар ва бошқа товарлар ишлаб чиқарилмоқда. 1100 дан зиёд киши иш билан таъминланган.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Develop Textile” хорижий корхонаси эркин иқтисодий зона ҳудудидаги истиқболли лойиҳалардан бири. Ушбу компания 13 миллион долларлик лойиҳа асосида жорий йил январда ишга туширилди. Германия, Туркия, Хитойдан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. 760 та иш ўрни яратилди. 

Бу ерда йилига 4 минг тонна бўялган тайёр чоксиз трикотаж мато, 14 миллион дона турли хил тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Германия, Франция ва Европанинг бошқа давлатларига йилига ўртача 12 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари мазкур корхонада бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни ва тикувчилик маҳсулотларини кўздан кечирди. Мутахассис ва тикувчилар билан суҳбатлашди.

Президент бу каби замонавий компанияларни кўпайтириш орқали вилоятда етиштириладиган пахта хомашёсини тўлиқ қайта ишлаш, фақат тайёр маҳсулот экспорт қилиш зарурлигини таъкидлади. 

Жорий йилда “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 26 миллион доллардан зиёд яна 4 та корхона фойдаланишга топширилиши ҳамда 488 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Шу ерда Хоразм вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Давлат раҳбари улар юзасидан кўрсатмалар берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

86

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг