Президент Қорақалпоғистонда. Жўқорғи Кенгес сессиясида Мурат Камалов кўринмаяпти
Жамият
−
26 Август 2022
11046Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бошланди. Давлат раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида иштирок этмоқда.
Президент кириш сўзида “Инсон қадри учун” эзгу тамойили асосидаги туб ислоҳотлар Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳар ва тумани, қишлоқ ва овули, ҳар бир хонадонига кириб боришини таъминлаш асосий мақсадлардан бири эканини таъкидлаган.
"Мен Президент сифатида 6 йил давомида бошқа ҳудудларга нисбатан энг кўп, яъни 9 марта мана шу саховатли заминга келиб, бу ердаги оқсоқоллар, тадбиркорлар, ёшлар вакиллари билан кўп-кўп мулоқотлар қилдим.
Ушбу даврда Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантиришга қаратилган 31 та фармон ва қарорлар қабул қилдик.
Ҳудудда тадбиркорлик субъектлари сони 2 баробарга ортди, қарийб 4,5 мингта инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.
Биргина жорий йил февралдаги ташриф доирасида ҳудудни ҳар тарафлама ривожлантириш учун 1,5 триллион сўм маблағ ажратдик", дейди Президент.
Йиғилишда Қорақалпоғистонда ичимлик сув таъминоти 40 фоиздан 68 фоизга, мактабгача таълим билан қамров даражаси 32 фоиздан 76 фоизга, аҳоли даромадлари жон бошига 2 баробарга ошишига эришилгани таъкидланган.
Аввал хабар берганимиздек, сессияда 2020 йилнинг октябридан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси лавозимида ишлаб келаётган Мурат Камаловни вазифасидан озод этиш масаласи ҳам кўрилиши кутилмоқда. Одатда Президент ташрифларида, жумладан давлат раҳбари иштирокида ўтадиган Жўқорғи Кенгес сессияларида трибунада Кенгес раиси Мурат Камалов ўтирар эди. Бугун ўтаётган сессияда негадир у ўз ўрнида эмас.