Президент қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди
Жамият
−
06 Сентябрь 2019
10912Бугун, 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Давлат харид нархлари қарийб 3 баробарга кўпайтирилгани натижасида манфаатдорлик ошди. Пахтачилик ва ғаллачилик ҳашар эмас, чинакам даромад манбаига айланди.
Янги технология ва инновацияларни жорий қилиш, меҳнат унумдорлиги ва иш ҳақини ошириш мақсадида 76 та пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилди.
Жорий йилнинг ўзида 25 минг гектар пахта майдонларида сув тежовчи янги суғориш тизими жорий қилинди. Фойдаланишдан чиққан 1 миллион 100 минг гектар ерни қайта ишга киритиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланди.
Булар, албатта, яхши натижалар, лекин мазкур ишлар – ислоҳотларнинг биринчи босқичи.
Президент фақат бугунни эмас, балки эртанги кунни ҳам ўйлаб, узоқни кўзлаб ислоҳотларни янги босқичга кўтариш вазифасини қўймоқда. Шу мақсадда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Бу иқтисодиётнинг асосий ўсиш нуқтаси, “драйвери” бўлади. Минг-минглаб иш жойлари яратилади, одамларнинг даромади ошади.
Йиғилишда мазкур стратегияни амалга ошириш учун зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Бунда, аввало, қишлоқ хўжалиги ерларининг аниқ ҳисобини юритиш, улардан фойдаланишни такомиллаштириш лозимлиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, “Ергеодезкадастр” қўмитасига 2021 йил охиригача республиканинг барча ҳудудларида ерни ҳисобга олиш ишларини якунлаш, ер ҳисобини юритиш бўйича ягона электрон базани яратиш топширилди.
Қайд этилганидек, унумдорликни оширишга, кўп йиллик мевалар етиштиришга интилиши учун ер эгаларининг эртанги кунга тўла ишончи бўлиши керак. Шу боис Президент қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, ер ажратишнинг шаффоф тизими ва ерга бўлган ҳуқуқнинг кафолатланишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Қишлоқ хўжалигида сувдан тўғри фойдаланиш ҳам жуда муҳим масала. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда экин майдонларига миллиардлаб куб метр сув йўналтирилса-да, унинг фақат 60 фоизи экинларга етиб боради, 40 фоизи суғориш тизимларида ва суғориш жараёнида йўқотилади.
Жаҳон сув ресурслари институти таҳминларига кўра, 2040 йилга бориб Ўзбекистон сув ўта танқис бўлган 33 мамлакат қаторидан жой олиши мумкин.
Шу боис давлат раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва унинг ҳисобини юритиш, ҳар йили 200 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиб бориш зарурлигини таъкидлади. Ушбу йўналишлар ишлаб чиқилаётган стратегияда ўз аксини топиши кераклиги айтилди.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва давлат харидлари тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинар экан, бюджет маблағларининг асосий қисмини ерларнинг унумдорлигини ошириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, илм-фанни ривожлантиришга сарфлаш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилиб, бу борадаги жаҳон тажрибаси таҳлил қилинди.
Масалан, Туркияда 1 гектар ердан 2 минг долларлик, Мисрда 8 минг долларлик, Исроилда 12 минг долларлик маҳсулот етиштирилади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 300 доллардан ошмаяпти. Доим бир хил стандартдаги товар етказиб бериш йўлга қўйилмагани сабабли маҳсулотлар ташқи бозорда рақобатлаша олмаяпти.
Йиғилишда мутасаддиларга маҳсулотларни Европа Иттифоқи, Шарқий Осиё ва араб мамлакатлари стандартлари асосида сертификатлаш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Бу борада томорқа хўжаликлари ҳам катта резерв экани, “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида жойларда логистика хизмати ва кооперация тизимини кенг жорий қилиш лозимлиги қайд этилди.
Хизмат кўрсатиш борасида ҳам камчиликлар мавжуд. Масалан, бу тизимда рақобат йўқлиги сабабли хизматлар нархи юқори, маҳсулот ишлаб чиқарувчининг танлаш имконияти йўқ.
Шунинг учун минерал ўғитларни етказиб бериш, ўсимликларни ҳимоя қилиш, техника ва бошқа хизматлар соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида хизмат турларини кўпайтириш, хусусий корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Жорий йилда бошланган ерни космик зондлаш орқали тупроқ ва экинларнинг ҳақиқий ҳолатини тезкор ва ишончли баҳолаш ишларини 2020 йил якунига қадар тўлиқ охирига етказиш даркор. Бу тизим вегетация жараёни, тупроқнинг мелиоратив ҳолати ва минераллашув миқдори, намлик даражаси ҳақида тўлиқ маълумотларни бериб, ҳосилдорликни 25-30 фоизга ошириш имконини беради.
Мутасаддиларга экинларни жойлаштиришдан тортиб, сотувгача бўлган жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Юқоридаги вазифалар бажарилишини самарали ташкил этиш учун энг аввало малакали кадрлар керак. Халқаро тажриба асосида соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида ўқитишнинг янги методикасини татбиқ этиш, профессор-ўқитувчилар иштирокида сайёр ўқув дарслари ҳамда семинарлар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Илмий-тадқиқот институтларида эртапишар маҳсулот турлари ва ҳудудлар иқлимига мос чорва зотларини яратиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Умуман олганда, янги стратегия қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий қилиб, илмий асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспортни кўпайтириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулотлар ҳажмини бир неча баробарга оширишга хизмат қилади.