Президент қарори: Хусусий ва электрон кутубхоналар тармоғи ривожлантирилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 7 июнь куни “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори

Республикада ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилишнинг ҳозирги шароитида ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришнинг мақсад ва вазифалари мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга ва халқаро амалиётга мос бўлиши зарур. Шу муносабат билан фуқароларнинг ахборотдан эркин фойдаланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини, шу жумладан, миллий қадриятлар ва жаҳон маданияти, амалий ва фундаментал билимлардан баҳраманд бўлишини таъминлайдиган аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг сифат жиҳатдан янги тизимини яратиш, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш устувор вазифага айланмоқда.

Бу эса ахборот-кутубхона фаолиятига, китобхонларга хизмат кўрсатиш, фондларни тўлдириш ва сақлаш, кутубхона жараёнларини автоматлаштириш, илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий фаолият, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва рағбатлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга жиддий таъсир кўрсатиш имконини беради.

Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантириш мақсадида:

1. Қуйидагилар аҳолига ахборот-кутубхона хизматикўрсатишни сифат жиҳатидан янада ривожлантириш соҳасидаги асосий вазифалар этиб белгилансин:

ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва замонавий умумжаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-кутубхона фаолиятини ислоҳ қилиш;

аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш бўйича ижтимоий кафолатларни сифатли таъминлаш ҳамда замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

ҳудудларда аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишни барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш;

ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, янги бино ва иншоотларни қуриш, мавжуд биноларни реконструкция қилиш, уларни замонавий ускуналар билан таъминлаш;

кутубхона соҳасида давлат-хусусий шерикликни, хусусий ва электрон (виртуал) кутубхоналар тармоғини ривожлантириш;

кутубхоналар фаолиятининг самарадорлигини ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш (шу жумладан, пуллик хизмат кўрсатиш) тезкорлигини ошириш учун электрон китоблар тарқатишга ихтисослашган интернет-ресурслар билан ҳамкорликни кенгайтириш;

ахборот-кутубхона муассасалари хавфсизлигини ҳамда миллий ва жаҳон маданий меросининг бир қисми сифатида ахборот-кутубхона фондларининг яхши сақланишини таъминлаш;

жамиятнинг ахборот маданиятини, тарихимизга ва миллий маданиятга қизиқишини шакллантириш ва кучайтириш, мутолаа маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш;

ахборот-кутубхона муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш.

2. Қуйидагилар:

а) 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш концепцияси 1-иловага мувофиқ;

б) 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 
2-иловага мувофиқ;
в) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс марказининг ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

г) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс марказининг (кейинги ўринларда – Миллий кутубхона) ходимлар умумий чекланган сони 227 нафардан иборат бошқарув аппарати тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Миллий кутубхона директорига зарур ҳолларда Миллий кутубхона бошқарув аппарати тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони
ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига тушадиган маблағларнинг икки фоизини Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс маркази ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармасига (кейинги ўринларда – Жамғарма) ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

4. Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

Миллий кутубхона қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини ташкил этиш, шунингдек, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари қошида фаолият кўрсатаётган барча ахборот-ресурс марказларини тугатиш;

умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг тугатилаётган ахборот-ресурс марказларининг китоб фондлари ва штат бирликларини янгидан ташкил қилинаётган туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларига бериш;

ахборот-ресурс марказларини тугатишда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг кутубхоналарини амалдаги нормативларга мувофиқ тегишли китоб фонди ва штат бирликлари билан бирга сақлаб қолиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

5. Қуйидагилар янги ташкил этилаётган туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш учун сифат жиҳатидан янги ва қулай шарт-шароитлар яратиш, замонавий ахборот технологиялари асосида уларнинг илмий, таълим, ахборот ва маданий эҳтиёжларини қондириш;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларигаижтимоий мослашув ва реабилитация, мустақил таълим олиш ва мулоқот доирасини кенгайтириш воситаси сифатида ахборотдан фойдаланиш имкониятларини яратиш;

фойдаланувчиларга ҳар қандай (босма, мультимедиа ва рақамли) ташувчиларда, шу жумладан, Интернет тармоғида сифатли ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини яратиш;

ўз ахборот-ресурсларини яратиш ва уларни сифатли тўлдириб бориш орқали китобхонларга анъанавий хизмат кўрсатиш усулидан уларни замонавий ахборот-кутубхона хизматлари билан таъминлашга ўтиш;

аҳолига ахборот-кутубхона хизматларини кўрсатиш бўйичамасофадан хизматлар кўрсатишни ривожлантириш ва модернизация қилиш.

6. Агентлик:

бир ой муддатда туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини жойлаштириш ҳамда уларни компьютер техникаси ва бошқа турдаги оргтехника, мебель, шу жумладан, махсус мебель, шунингдек, тегишли кутубхона ускуналари билан жиҳозлаш бўйича талабларни ишлаб чиқсин, бунда имконияти чекланган шахсларга хизмат кўрсатиш учун ўқув залларини махсус компьютер жиҳозлари ва бошқа қўшимча воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратсин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларининг Интернет тармоғига уланишини ва улар учун Миллий кутубхона электрон ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ахборот-кутубхона марказлари фаолиятининг регламентини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, бунда аҳолига куни узайтирилган тартибда хизмат кўрсатилишини кўзда тутсин;

аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар (тил ўргатиш, компьютер курсларини ташкил этиш, матнли, аудио ва видеоматериаллар нусхаларини яратиш, шунингдек, бошқа кутубхона хизматлари) рўйхатини кенгайтириш орқали ахборот-кутубхона марказларининг бюджетдан ташқари даромадларини ошириш чораларини кўрсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

а) Агентлик томонидан ишлаб чиқилган туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини жойлаштириш ва жиҳозлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда:

икки ой муддатда туманлар (шаҳарлар) марказларида туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини жойлаштириш ва уларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун биноларни белгиланган тартибда ажратсин;

ажратилган биноларни капитал таъмирлашни таъминласин, бунда туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларининг ўқув залларида ва бошқа умумий фойдаланиладиган хоналарида имконияти чекланган шахслар тўсиқсиз фойдаланиши учун барча зарур шароитларни яратсин, шунингдек, уларни зарур ускуна ва техника билан жиҳозласин;

б) туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларига туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича тегишли ишларни амалга оширсин ва ушбу марказларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин;

в) умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ахборот-ресурс марказларини тугатиш натижасида ишдан бўшаган ходимларни белгиланган тартибда ишга жойлаштириш чораларини кўрсин.

8. Белгилансинки:

Миллий кутубхонанинг қўшимча штат бирликларини сақлаш харажатлари 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрида ижтимоий соҳага мўлжалланган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади;

туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини сақлаш харажатлари туманлар ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларида умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг тугатилаётган ахборот-ресурс марказларини сақлаш учун кўзда тутилган маблағлар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

янги ташкил этиладиган ахборот-кутубхона марказларини кадрлар билан тўлдириш биринчи навбатда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг тугатилаётган ахборот-ресурс марказларида фаолият кўрсатаётган малакали кадрлар ҳисобига амалга оширилади;

туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари биноларини капитал таъмирлаш ҳамда уларни замонавий ускуна ва техникалар билан жиҳозлашни молиялаштириш умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг тугатилаётган ахборот-ресурс марказларининг мақбуллаштирилаётган бюджет ажратмалари, туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг прогнозни ошириб бажаришдан олинадиган даромадлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари кутубхона фондларини тўлдириш, шунингдек, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ушбу мақсадлар учун ажратиладиган бюджет маблағлари, Жамғарма маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида амалга оширилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Маданият вазирлиги ҳамда Агентлик билан биргаликда кутубхоначилик иши соҳасида мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш асосида соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларига “Кутубхона-ахборот фаолияти” йўналиши бўйича ўқишга қабул квоталари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг:

вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларда, шу жумладан, ҳарбий қисмларда идоравий кутубхоналарни ташкил қилиш (такомиллаштириш);

идоравий кутубхоналарнинг китоб фондини ва моддий-техника базасини яратиш, янгилаш ва тўлдиришни ушбу мақсадлар учун давлат органларига бюджетдан ажратилган маблағлар, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш;

Агентлик таклифлари асосида идоравий кутубхоналарнинг китоб фондини янгилаш ва тўлдириш учун зарур нашрлар рўйхатини ҳар йили шакллантириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

11. Агентлик ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 21 майни Кутубхоначилар куни деб белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин, бунда кутубхоначиларни кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва рағбатлантириш кўзда тутилсин.

Агентлик бир ой муддатда “Кутубхоначилар кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

12. Агентлик манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи К.И.Алламжонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2019 йил 7 июнь


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Президент қарори кутубхона

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг