Президент Италиянинг Тоскана вилояти губернаторини қабул қилди
Жамият
−
15:49 467 2 дақиқа
Бугун, 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга амалий ташриф билан келган Италиянинг Тоскана вилояти губернатори Эуженио Жани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон – Италия стратегик шериклигини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Барча даражаларда икки томонлама мулоқотлар фаоллашгани ва ҳамкорликнинг асосий кўрсаткичлари изчил ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Жорий йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 25 фоизга ошган. Ўзбекистонда металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида Италиянинг етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Тосканани кўп асрлик тарихий ва маданий алоқалар боғлаб туриши таъкидланган. Буюк ипак йўли даврида Флоренция билан Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари ўртасида фаол савдо-сотиқ қилинган, флоренциялик савдогар ва дипломатлар эса Амир Темур саройида қабул қилинган.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида Пиза университетининг филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жорий йилда мазкур филиал меҳнат бозорига илк битирувчиларни чиқаради. Прато шаҳрида Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотлари савдо уйи ишламоқда. 2024 йилда Флоренциядаги Уффици галереясида Ўзбекистоннинг авангард санъати асарлари кўргазмаси ташкил этилган.
Тоскана вилояти билан тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва заргарлик саноати, қурилиш ҳамда таълим, маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш катта салоҳиятга эга эканлиги таъкидланган.
Тоскана ва Бухоро вилояти ўртасида шериклик алоқаларининг ривожланаётгани ҳамда ҳамкорлик тўғрисида битим имзолангани юксак баҳоланган.
Учрашув якунида Тоскана билан Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни назарда тутувчи қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва қабул қилиш тўғрисида келишувга эришилган.
Тоскана Италиянинг энг иқтисодий ривожланган ҳудудлари қаторига киради ва кучли саноат салоҳияти, юқори технологияли ишлаб чиқариш, замонавий қишлоқ хўжалиги, жаҳонга машҳур виночилик ҳамда туризм тармоғига эга.
Вилоятнинг маъмурий маркази – Флоренция эса жаҳон маданияти, илм-фани ва санъати тараққиётига улкан ҳисса қўшган Уйғониш даврининг умумэътироф этилган “бешиги” ҳисобланади.
Live
Барчаси