Президент Марказий ҳарбий клиник госпитални бориб кўрди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 13 январь куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталини бориб кўрди. 

Госпитал жами 700 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари бепул даволанади. Шунингдек, бошқа беморларга ҳам пуллик хизмат кўрсатилади. Бунинг учун 286 хил диагностик текширув, 600 дан ортиқ амалиётлар йўлга қўйилган, 30 га яқин ихтисослашган бўлимлар ташкил этилган. 

Хусусан, жарроҳлик бўлимлари учун 8 қаватли янги бино барпо этилган. Давлат раҳбари ундаги шароитлар билан танишди. Бундай шифохоналарни ҳудудларда ҳам ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Ҳарбийлардан ташқари спортчилар ва аёлларни даволаш бўйича тавсиялар берилди. 

Таълим билан амалиёт боғлиқлиги ҳам самарали йўлга қўйилган. Илгари бундай мутахассислар Тошкент тиббиёт академиясининг Ҳарбий тиббиёт факультетида тайёрланар эди. Президентнинг 2020 йил 22 октябрдаги “Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мазкур факультет негизида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси тузилди. 

Аҳамиятлиси, ушбу таълим маскани Марказий ҳарбий клиник госпитал ёнида қурилди. Президент бу ердаги шароитларни ҳам кўздан кечирди. 

Академия 250 нафар талаба ва тингловчига мўлжалланган. Бу ерда бўлажак ҳарбий шифокорлар ўқитилади ҳамда тиббиёт ходимлари қайта тайёрланади. Ўқув биносида 2 та факультет, 5 та кафедра, 2 та марказ, институт ва маъмурият жойлашган. Хоналарда ўқув ва машғулотлар учун барча шароит яратилган. 186 ўринли ётоқхона ҳам бор. 

Давлат раҳбари академиядаги таълимнинг мазмунига алоҳида аҳамият қаратди. 

“Бино ва шароитлар яхши, лекин бу ишнинг бошланиши. Энди асосийси ҳарбий тиббиётнинг мазмунини, моҳиятини тушуниб, ўқишни тўғри йўлга қўйиш керак. Бунинг учун хориж тажрибаси асосида педагогик, илмий ва амалий тизим яратиш зарур. Бу тизим бошқа тиббиёт олий ўқув юртларига муқобил ва рақобатчи, битирувчилар ўз йўналиши бўйича намуна бўлиши керак”, дейди Шавкат Мирзиёев. 

Академияда хорижий бошқарувни жорий этиш, илк битирувчиларни Туркия ва Жанубий Корея каби мамлакатларга малака оширишга юбориш бўйича кўрсатмалар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Марказий ҳарбий клиник госпитал

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг