Президент Ғаниев ва Хаитовни эскича ишлаш ва қўшиб ёзишда айблади
Жамият
−
05 Сентябрь 2022
18780Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 сентябрь куни ўтказаётган озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида Бош вазирнинг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ва Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитовни эскича ишлаётгани ва баландпарвоз рақамларга берилиб кетганини танқид қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
“Аграр соҳада белгилаб олган катта ислоҳотларимизни жадал амалга ошириш биринчи навбатда ушбу соҳа раҳбарлари Ғаниев, Хаитов, янги вазир Воитов ва ўринбосарлари фидойилигига боғлиқ.
Бандликни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш ҳам биринчи галда қишлоқ хўжалигидаги ўсишга боғлиқлигини улар тушуниши керак", деган Президент.
Лекин, Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов ҳали эскича ишлаётгани, баландпарвоз рақамларга берилиб кетгани танқид қилинган.
Йиғилишда соҳа раҳбарларининг вазифаси Президентга катта-катта рақамлар билан ҳисобот бериш эмас, қишлоқдаги деҳқон, фермер масаласини ҳал қилиш, оғирини енгил қилиш экани кўрсатиб ўтилган.
Лекин, муҳим ишлар четда қолиб, қўшиб ёзишлар, номаъқул ишлар кўпайиб бораётгани қатъий танқид остига олинган.
Йўл қўйган камчиликлари учун қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев лавозимидан озод этилгани, вазир ўринбосари Шуҳрат Мирзаевга ҳайфсан берилгани айтиб ўтилди.
“Бундан буён Ғаниевдан ҳам, Хаитовдан ҳам, янги вазир Воитовдан ҳам жуда қаттиқ сўров бўлади”, деган Президент сўзининг якунида.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилган.
LiveБарчаси