Президент Фарғонани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кўрсатиб берди

Жамият 2559
image

Бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг сессиясида аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифалари белгиланди.

Шаҳар ва туманларни маҳаллабай тизимда ривожлантириш мақсадида вилоятдаги 76 та секторнинг ҳар бирида иқтисодий комплекснинг малакали ходимларидан иборат бошқарув офислари ташкил этилиши айтилди. Бу мутахассислар маҳаллага бириктирилган банк ходимлари билан бирга, жойлардаги шароитни ўрганиб, лойиҳаларни шакллантиради ва амалга оширишга кўмаклашади. Зарур бўлса, ишсиз аҳоли, ёшлар ва аёллар касб-ҳунарга ўргатилади.

Фарғона вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 17 триллион сўмлик 949 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши таъкидланди. Бунда кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, электротехника саноати “драйвер” бўлади.

Хусусан, “Фарғона азот” акциядорлик жамиятида жами 537 миллион долларлик 3 та лойиҳа, тўқимачиликда 154 миллион долларлик 14 та лойиҳа амалга оширилади.

Вилоятда ер ресурси чеклангани сабабли чўл жойлар, яйлов ва адирликларда 33 минг гектар ер ўзлаштирилади. Бунга сарфланадиган 350 миллиард сўмлик харажатларнинг 110 миллиард сўми субсидия ҳисобидан қоплаб берилади.

Ижтимоий соҳаларни, инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди. Жорий йилда вилоятнинг 11 та жойида 105 та кўп қаватли уйлар барпо этилиши таъкидланди. 312 миллиард сўм марказлашган маблағлар ҳисобидан 503 километр йўлларни таъмирлаш бўйича вазифа қўйилди.

Янги ташкил этилган Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда, мақсадли тиббий кўрик ва консультациялар ўтказиш, бирламчи тиббиёт бўғинини ривожлантириш учун 16 та оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиника ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Жорий йилда Фарғона вилоятидаги 19 та туман ва шаҳарларда биттадан Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилиши, “Ёшлар: 1+1” лойиҳаси доирасида 8 мингдан зиёд ишсизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилиши белгиланди. Хотин-қизларнинг ўз ишини очишига кўмаклашиш, муҳтожларнинг уй сотиб олиши учун бошланғич бадал пулларини тўлаб бериш, ажралишларнинг олдини олиш муҳимлиги таъкидланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 62
Рейтинг: 3
t
×