Президент эртага 15 та телеканалда чиқиш қилади

Жамият 11852
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси – мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади. Шу боис ўзбек халқи уни катта қизиқиш билан кутади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу галги Мурожаатномаси 29 декабрь куни соат 11:00 да бошланади. Унда жорий йилда эришилган натижалар, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури доирасида бажарилган ишлар айтиб ўтилади. Келгуси йилга ном берилиб, мамлакатни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлар белгиланади.

Давлат раҳбари бу гал ҳам кўплаб таклифларни билдириши кутилмоқда.

Ушбу нуфузли анжуман пойхтдаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтади. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этади.

Мурожаатнома "O'zbekiston 24", "O'zbekiston", "Yoshlar", "Mahalla", "Madaniyat va ma'rifat", "Toshkent", "Dunyo bo’ylab", "O'zbekiston tarixi", "Oilaviy", "Mening yurtim", "Sevimli", "Uzreport", "Milliy", "Zo'r TV" (ўзбек тилида); "Toshkent", "Oilaviy", "Mening yurtim" (рус тилида); "Dunyo bo’ylab", "Uzreport" (инглиз тилида) телеканалларида жонли эфирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида онлайн ёритиб борилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 503
Рейтинг: 3
t
×