Президент Бош прокурорга онкологик дорилар бўйича текширув ўтказишни буюрди

Жамият

image

Ўзбекистонда онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун дориларга бюджетдан миллионлаб пуллар ажратилаётган бўлса-да, бу дорилар жойларга етиб бормаяпти. Одамлар уни дорихоналардан 10 баробар қимматга сотиб олмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 5 февраль куни ўтказилаётган 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида гапирди.

Йиғилишда қайд этилишича, уч йил аввал онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилган эди. Лекин, бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида, тўлиқ етказиб берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, бюджетдан етарли маблағ ажратилмоқда.

Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбур.

“Мана – фармацевтикадаги ўйинлар! Бу фақат онкологияда. Эндокринология, кардиология, шошилинч хизматда ҳам бундай фактлар етарли”, дейди давлат раҳбари.

Бош прокуратурага онкологик препарат ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, дорихоналар, қўлда сотувчиларни, умуман барча иштирокчиларни тартибга келтириш, жойларга етиб бормаган 17 турдаги препарат бўйича ўрганиш ўтказиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш топширилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига ойлаб омборларда турган, рухсати ҳалигача чиқмаган дориларни хатлов қилиб, бу масалада тартиб ўрнатиш, давлат харидлари орқали олинган дориларни “буюртмачи – харидор – етказиб берувчи – бемор” занжири асосида шаффоф маршрут тизимини яратиш вазифаси қўйилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг