Президент Администрациясида ҳам маъмурий ўзгаришлар бўлиши айтилди

Жамият

qalampir-post-new-shablon-v-2 copy-Recovered

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январдан бошланиши кутилаётган маъмурий ислоҳотларнинг Президент Админстрациясини ҳам четлаб ўтмайди. Бу ҳақда кеча, 28 декабрь куни АОКАда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича Президент фармони ва қарори мазмун-моҳияти бўйича бўлиб ўтган матбуот анжуманида Адлия вазири Акбар Тошқулов маълум қилди.

“Конституцияга ўзгартириш киритиляпти. Конституцияда ҳам, бутун давлатчилик тизимида ҳам маълум бир ислоҳотлар бор. 3 та ҳокимиятни оладиган бўлсак, ижро ҳокимиятида аниқ ислоҳотлар бўляпти, бу парламентга ҳам, Администрацияга ҳам таъсирини ўтказади. Ўз навбатида, суд ҳокимиятида ҳам мана шундай ислоҳот кетяпти. Биз фақат ижро ҳокимиятидаги ислоҳотларни кўриб, бошқа ҳокимият тизимида бундай бўлмайди, дейишимиз хато. Ҳозир муҳокама қилаётган фармонимиз ҳам айнан ижро ҳокимиятига тегишли алоҳида масала, шунинг учун бу ҳам алоҳида кўрилади.

Вазирлар Маҳкамаси ўзгарди, ҳукумат ўзгарди, ундан кейин “тепаси” ҳам ўзгариши керак-ку. Йўналишлар бўйича Администрацияда ҳам бўлимлар бор эди, ўша механизм ўзгарганидан кейин, “тепа” ҳам ўзгариши ўз-ўзидан аён бўлади”, дейди Акбар Тошқулов.

Маълумот ўрнида, шу йилнинг август ойида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан эълон қилинган Администрация раҳбарияти рўйхатига кўра, Президент девонининг ижро этувчи аппаратида 4 нафар шахс фаолият юритади.

Зайнилобиддин Низомиддинов Админстрация раҳбари лавозимидан озод этилганидан сўнг бу вазифани собиқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бажармоқда. Айни вақтда унино 4 нафар ўринбосари бор. Президентнинг маслаҳатчилари эса 9 та.

Қолаверса, шу йилнинг ноябрь ойида 2017 йилдан буён Ўзбекистон Адлия вазирлигини бошқариб келаётган Русланбек Давлетов ҳам президентнинг Ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига ўтказилганди.

Президент 20 декабрда парламентга қилган мурожаатномасида вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилишини айтганидан сўнг Админстрация таркибида муҳим ўзгаришлар бўлди.

Ундан аввалроқ Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳим Ҳакимов ҳам Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

Шунингдек, Муртаза Қаршибоев Президент маслаҳатчиси - Спичрайтери ўринбосари лавозимига тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

410

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг