“Президент Администрацияси ва бошқа идоралар ходимлари дам олади”. “Шоввозсой”даги “вилла” кимга аталгани маълум қилинди

Жамият

image

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда “Угам-Чотқол” миллий табиат боғи тасарруфидаги дам олиш маскани ҳақидаги турли хабарлар тарқалмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ахборот-таҳлилий медиа маркази ушбу хабарлар юзасидан баёнот берди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилдаги қарорига асосан, “Угам-Чотқол” миллий табиат боғи тасарруфидаги “Шоввозсой” ўрмон хўжалиги ерлари “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари, компаниянинг хорижий ҳамкорлари, мамлакат аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар учун замонавий экотуризм масканини барпо этиш ва мавжуд экотизимни сақлаб қолиш мақсадида ажратилган.

Бу ерда 2011 йилдан бошлаб, яъни 10 йил давомида босқичма-босқич қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Барча инвестициялар темир йўл компаниясининг бюджетдан ташқари маблағлари, жумладан даромадлари ҳисобидан амалга оширилган.

Қайд этилишича, ўтган ўн йил давомида дам олиш маскани қурилишига сарфланган инвестициялар ҳажми 495 миллиард сўмни ташкил этган. Шу билан бир қаторда, миллий боғ ҳудудида табиат ва ҳайвонот оламини сақлаш ва ривожлантириш учун зарур инфратузилмалар яратилди, объектгача электр тармоқлари тортилди, автомобиль йўли ва кичик сув омбори барпо этилган.

Баёнотга кўра, айни пайтда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги “Назарбек”, “Чимён”, “Хожикент”, “Омонхона” каби дам олиш масканлари, шунингдек “Шоввозсой” мажмуаси ҳам компанияда фаолият юритаётган қарийб 90 минг темирйўлчи ва аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Маълум қилинишича, ушбу дам олиш ва соғломлаштириш масканларида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан шартнома ва йўлланмалар асосида, темирйўлчилар билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, турли вазирлик, идора ва давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, Республика аҳолиси ва чет эллик инвесторлар, ҳамкорлар ва сайёҳларга экотуризм ва экстремал туризм, саломатликни мустаҳкамлаш ва қайта тиклаш хизматлари кўрсатиб келинмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2079

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг