Президент 60 ёшни қаршилаган Раматовни мукофотлади
Жамият
−
20 Август 2022
12159Бугун, 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Очилбай Жуманиязович Раматовни “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
“Давлат идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш, юртимизда кенг кўламли ислоҳотларни, йирик бунёдкорлик лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасидаги улкан хизматлари, ташаббускорлик ва ташкилотчилик фазилатлари билан Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини оширишга қўшаётган катта ҳиссаси, ёш авлодни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбай Жуманиязович Раматов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотлансин”, дейилади Президентнинг тегишли фармонида.
Маълумот учун, 2002 йилдан “Ўзбекистон темир йўллари”га раислик қилган Очилбой Раматов 2016 йилнинг декабрида Бош вазир ўринбосарига (Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти; Республика бўйсунувидаги шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлими) айланганди.
У 2019 йил февраль ойида “Ўзбекистон темир йўллари” раислигидан кетган, ўша вақтда янги ташкил этилган Транспорт вазирлигига раҳбар бўлган, аммо 2020 йил январида вазирлик лавозимини Элёр Ғаниевга топширган.
Айни вақтда у Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари ҳисобланади.
LiveБарчаси