Президент хотин-қизларга оид фармонни имзолади
Жамият
−
10 Март 2022
26898Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур 1-иловага мувофиқ;
2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:
бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади;
мазкур юридик шахсларнинг ушбу банд иккинчи хатбошисида кўрсатилган ходимлар олдидаги мажбуриятлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳажмида камайтирилади.
3. Хотин-қизларга таълим олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг илмий салоҳияти ва малакасини тизимли ошириб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
а) олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитларини молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига Давлат бюджетидан ҳар йили 1,8 триллион сўм ресурс маблағлари йўналтирилсин.
Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Ҳ. Тошкулов) икки ой муддатда мазкур кичик бандда назарда тутилган маблағларни ажратиш графигини тижорат банклари кесимида тасдиқласин;
б) давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилсин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Ҳ. Тошкулов) ҳамда Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) 2022 йил 1 сентябрга қадар давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига тўлов-контракт асосида қабул қилинган ва таълим олаётган хотин-қизларнинг давлат олий таълим муассасалари кесимида рўйхатини шакллантирсин ҳамда 2022 йил 1 октябрга қадар контракт тўловларини қоплаб берсин;
в) хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича – 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича – 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратиб борилсин.
Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) ушбу кичик бандда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун “Эл-юрт умиди” жамғармасига ҳар йили Давлат бюджетидан камида 6 миллиард сўм ажратилишини таъминласин;
г) ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда – Қўмита) тавсияларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан жами 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб борилсин.
Қўмита (З.Б. Махкамова) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Ҳ. Тошкулов) икки ой муддатда мазкур кичик бандда назарда тутилган эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар рўйхатини шакллантириш, уларга тавсиялар бериш ва таълим контрактларини қоплаб бериш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
д) мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Қўмита тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилсин.
Қўмита (З.Б. Махкамова), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Ҳ. Тошкулов) ҳамда Давлат тест маркази (М.М. Каримов) бир ой муддатда мазкур кичик бандда назарда тутилган алоҳида квоталарни давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш, хотин-қизларга тавсиялар бериш, алоҳида тест синовларини ўтказиш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
е) давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиб борилсин.
Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдурахманов) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Ҳ. Тошкулов) икки ой муддатда хотин-қизлар учун мазкур кичик бандда назарда тутилган мақсадли квоталар давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари кесимида тасдиқланишини таъминласин.
4. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмасининг:
асосан хотин-қизларга дизайн, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тармоқлар иқтисодиёти, маркетинг ва талаб юқори бўлган бошқа таълим йўналишлари бўйича таълим берадиган алоҳида университетни;
ушбу университет ҳузурида пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида босқичма-босқич ҳудудий техникумларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Ҳ. Тошкулов), Қўмита (З.Б. Махкамова), Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ж. Ортиқов), Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.А. Артикходжаев) икки ой муддатда университет фаолиятини йўлга қўйиш, унинг моддий-техника таъминоти ва жойлаштирилиши бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Хотин-қизларни илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланишга жалб қилиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю. Абдурахманов):
Қўмита (З.Б. Махкамова) билан биргаликда ҳар йили март ойида амалий инновацион лойиҳалар бўйича “Олима аёл” танловини ўтказиб борсин;
икки ой муддатда “Бўлажак олим” танлови доирасида “Аёллар бизнеси учун биринчи қадам” танловини ўтказиш учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан камида 10 миллиард сўм ажратилишини таъминласин.
6. Қўмита, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хотин-қизлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-тадқиқот натижаларини ҳаётга татбиқ этиш, стартап лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида Қўмита ҳузурида “Олима аёллар жамияти”ни тузиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
Қўмита (З.Б. Махкамова) ва Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) бир ой муддатда “Олима аёллар жамияти”ни ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда “Олима аёллар жамияти”га хотин-қизларни амалда қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш учун Давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилиши назарда тутилсин.
7. 2022 йил 1 июндан бошлаб давлат ва нодавлат таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитишнинг янги тартиби жорий этилсин. Бунда:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳузурида малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади;
малакани баҳолаш марказлари касбий малака талабларини ишлаб чиқади ва салоҳиятли таълим муассасаларига давлат буюртмасини беради;
ўқув курсларини тугатган хотин-қизлар билими даражаси малакани баҳолаш марказлари томонидан аниқланади ва шу асосда уларга малака сертификатлари берилади;
малака сертификатини олган хотин-қизларга меҳнат фаолиятини бошлаши учун ўқиш харажатларига тенг миқдорда малакани баҳолаш марказлари томонидан субсидиялар берилади;
малакани баҳолаш марказлари томонидан умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар мактаблари, академик лицей ва коллежларнинг битирувчи синф ўқувчи-қизларини ахборот технологиялари йўналишларида қўшимча курсларда ўқитиш бўйича давлат буюртмаси берилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.М. Холхўжаев), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Б. Хусанов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Ҳ. Тошкулов) ҳамда Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) бир ой муддатда давлат ва нодавлат таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитиш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга асосан 2022 йилда хотин-қизларни касбга ўргатиш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашадиган ҳамда уларнинг муаммолари билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотларига 17,1 миллиард сўм миқдоридаги грант маблағлари ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Қишлоқ жойларидаги аёлларни касбга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш ва иш билан таъминлаш лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида 2023 йилдан бошлаб:
ҳар йили нодавлат ташкилотларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 минг баравари миқдоригача грантлар бериш учун Давлат бюджетидан камида 50 миллиард сўм Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ажратиб борилсин;
туман (шаҳар) сектор штаблари жойлашган биноларнинг камида биттадан хонасида ўқув курсларини ўтказиш учун зарур шароитлар яратилсин.
9. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестри (кейинги ўринларда – Реестр) жорий этилсин.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.М. Холхўжаев):
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар туманларда меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойлари рўйхатини шакллантирсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Реестрни шакллантириш ва юритиш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Белгилансинки, 2022 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар Реестрга киритилган ҳудудлардаги умумий ходимлари сони камида 10 нафар бўлган ва уларда ишловчи хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган кичик тадбиркорлик субъектларига:
Реестрга киритилган ҳудудда жойлашган объектлар бўйича юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи 50 фоиз имтиёз қўллаган ҳолда ҳисобланади;
уларда ишловчи хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондига ижтимоий солиқ 1 фоизлик ставкада ҳисобланади;
бюджет ташкилотларига йиллик умумий қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 750 бараваригача бўлган маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади;
улар томонидан кўчмас мулк ижарага олинганда 3-иловага мувофиқ имтиёзлар берилади.
10. Олий Мажлис Сенати ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси таркиби тасдиқланганлиги, Олий Мажлис Сенати раиси Т.К. Нарбаева – комиссия раиси ҳамда Бош вазир ўринбосари З.Б. Махкамова ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.М. Рафиков – комиссия раиси ўринбосарлари этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси (Т.К. Нарбаева) бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи “Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури”ни тасдиқласин ва ижрога қаратилишини таъминласин:
а) Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда ҳар йили камида 100 нафар хотин-қизларни ўқитиш;
б) 2024 йил 1 январга қадар:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари орасида хотин-қизларнинг улушини камида 30 фоизга етказиш;
барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинлаш. Бунда мазкур талаб тегишли ташкилот раҳбари хотин-қизлар орасидан тайинланганда ёки унда фақат бир нафар ўринбосар бўлган тақдирда мажбурий ҳисобланмайди.
11. Молия вазирлиги (Т.А Ишметов) Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида хотин-қизларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун 2022 йилда қўшимча 1 триллион сўм ажратсин.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури координаторлари (С.М. Холхўжаев, А.А. Камалов, Д.Ш. Султанов) 2022 йилда мазкур дастур доирасида ажратилаётган маблағларнинг жами 4 триллион сўм қисми тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларга йўналтирилишини таъминласин.
12. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А. Вафаев) уч ой муддатда хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро молия институтларининг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги молиявий ресурслари жалб этилишини таъминласин.
13. Белгилаб қўйилсинки, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилади;
“Ҳунарманд” уюшмаси қошидаги ҳунармандчилик марказларида камида 40 фоиз тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар жойлаштирилади.
14. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги (С.М. Холхўжаев), Қўмита (З.Б. Махкамова) ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Б. Воитов) икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи 2022-2024 йилларга мўлжалланган “Бизнес аёллар” дастури лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
тадбиркорлик субъектлари орасида хотин-қизларнинг улушини 40 фоизгача етказиш;
хотин-қизларга ўз томорқасида гул ва мева-сабзавот етиштириш учун иссиқхона қуриш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни йўлга қўйиш учун 35 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш.
15. 2022 йил 1 июндан бошлаб маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари (кейинги ўринларда – марказлар) ташкил қилинсин. Бунда:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари марказларни барпо этиш учун ҳар бир маҳалладан 300 квадрат метргача бўлган ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ёки бўш турган давлат мулки объектини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида маҳаллаларга ажратсин;
Марказлар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан барпо этилиши назарда тутилсин;
барпо этилган марказлар маҳаллалар томонидан тикувчилик, қандолатчилик, фитнес, шейпинг, хотин-қизларни касбга ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижарага берилсин.
16. Хотин-қизларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида:
а) 2022 йилда ипотека кредитлари бўйича ажратиладиган субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилсин;
б) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган, шу жумладан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун ижтимоий уй-жойларни “Халқпарвар” комиссиялари билан келишган ҳолда иккиламчи уй-жой бозоридан сотиб олишга рухсат берилсин;
в) уй-жойга муҳтож, жумладан, хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи, лекин кўпи билан 500 минг сўмгача бўлган қисми “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилсин. Бунда:
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан 2022 йилдан бошлаб зарур маблағлар ажратиб борилсин;
ушбу бандда кўрсатилган имтиёзлардан фойдаланиш учун хотин-қизларга ижтимоий контракт асосида касб ўрганиш, меҳнат қилиш имконига эга бўлса, мустақил ёки Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмаси асосида ишга жойлашиш бўйича ижтимоий мажбуриятларни юклаш тартиби жорий этилсин.
17. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
а) боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг:
фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинсин;
3 ёшгача бўлган фарзандлари учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат бюджетидан субсидиялар белгиланган тартибда ажратилсин;
б) тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилсин;
в) кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилсин.
Мактабгача таълим вазирлиги (А.В. Шин) ва Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) икки ой муддатда мазкур банднинг “в” кичик бандида назарда тутилган компенсация тўловларини амалга ошириш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
18. Белгилансинки:
алимент тўловчининг бошқа ижро ҳужжатлари бўйича мажбуриятлари мавжуд бўлганда, қарздордан ундирилган маблағлар алимент тўловлари бўйича қарздорлик тўлиқ қоплангандан сўнг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва навбатда тақсимланади. Худди шу каби, ижро ҳаракатлари давомида қарздорга солинган жарималар ва ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатлари ҳам алимент тўловларидан жорий қарздорлик тўлиқ қоплангандан сўнг ундирилади;
алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб келаётган ва қидирувга эълон қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотларни мажбурий ижро органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштириш, шунингдек, давлат оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш амалиёти жорий этилади. Бунда ушбу манбаларда қидирувдаги шахслар ва уларнинг мол-мулки тўғрисида маълумотга эга бўлган фуқароларга мажбурий ижро ва ички ишлар органларига хабар бериш имконияти яратилади.
19. Адлия вазирлиги (Р.Қ. Давлетов) ва Бош прокуратура (Н.Т. Йўлдошев) уч ой муддатда алимент тўловларини ундириш тизими самарадорлигини ошириш юзасидан қонун лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин. Бунда, шу жумладан, қуйидагилар назарда тутилсин:
а) алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда қарздорлик тўлиқ бартараф этилгунига қадар:
қарздорнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш;
қарздорга лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга бўлган давлат хизматларини вақтинча кўрсатмаслик;
б) алимент бўйича қарздорлик мавжудлигини никоҳ тузиш учун монелик қиладиган ҳолат сифатида белгилаш.
20. Мажбурий ижро бюроси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилсин ва унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилсин.
Белгилансинки, суд қарори билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси маблағлари алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бир йўла тўлаш учун йўналтирилади ҳамда кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олинади.
Бош прокуратура (Н.Т. Йўлдошев) ва Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) икки ой муддатда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини йўлга қўйиш, жамғарма маблағлари ҳисобидан алимент тўловларидан қарздорлик тўланадиган ҳолатлар ва шахслар тоифасини белгилаш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
21. Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизларга хос бўлган касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсадида:
а) Қўмита (З.Б. Махкамова) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.А. Мусаев) икки ой муддатда юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган эҳтиёжманд 6 минг нафар хотин-қизлар, реабилитация воситалари билан таъминланишга муҳтож бўлган 10 минг нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизлар рўйхатларини Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига тақдим этсин;
б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.А. Мусаев):
Қўмита (З.Б. Махкамова) билан ҳамкорликда 2022 йилда 3 миллион нафар хотин-қизлар онкологик скринингдан ўтказилишини таъминласин;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А. Вафаев) билан биргаликда 2022-2025 йиллар давомида 227 та туғуруқ комплекси ва 46 та туманлараро перинатал марказларни тўлиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш учун халқаро молия институтларининг 105 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб қилсин;
в) Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов) 2022 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидагилар ажратилишини таъминласин:
юқори технологик тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига қўшимча – 100 миллиард сўм;
ногиронлиги бўлган хотин-қизларни реабилитация воситалари билан таъминлаш учун Тиббий ва ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига қўшимча – 17 миллиард сўм;
барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибидаги “Онко-назорат” (“Cancer – назорат”) аёллар кўрик хоналарини тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий воситалар билан жиҳозлаш учун – 20 миллиард сўм;
9-12 ёшдаги 815 минг нафар ўсмир қизларни одам папилломаси вирусига қарши ҳамда 12 турдаги вакциналар билан эмлаш учун – 200 миллиард сўм.
22. Адлия вазирлиги (Р.Қ. Давлетов), Бош прокуратура (Н.Т. Йўлдошев), Олий суд (К.Ф. Камилов), Ички ишлар вазирлиги (П.Р. Бобожонов) ва Қўмита (З.Б. Махкамова) 2022 йил 1 июнга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш;
чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алимент мажбуриятларини бажармаганлик учун судланган ёки маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унга нисбатан Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юбориш ва Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқини чеклаш бўйича мажбурлов чораларини қўлламаслик;
аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш;
икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ёки бошқа ишга мажбурий жалб қилиш тарзидаги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жазо турини белгилаш.
23. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Ж. Хаджаев) Қўмита (З.Б. Махкамова) ва Ёшлар ишлари агентлиги (А.З. Саъдуллаев) билан биргаликда уч ой муддатда:
иқтидорли қизларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда интеллектуал ва инновацион ташаббусларини ривожлантириш мақсадида “Билимдон қизлар” телекўрсатуви;
турли соҳаларда ютуқларга эришган хотин-қизлар тўғрисида ибо-ҳаё, поклик, сабр-тоқат ва илмга интилиш сингари эзгу қадриятларни тарғиб қилувчи “Аёл муваффақияти” рукнидаги теледастурлар тайёрланиши ҳамда эфирга узатилишини таъминласин.
24. Фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш мақсадида оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган оилаларга бериладиган “Ибратли оила” кўкрак нишони таъсис этилсин
ва уни 15 май – Халқаро оилалар кунида топшириш тартиби белгилансин.
Қўмита (З.Б. Махкамова) бир ой муддатда “Ибратли оила” кўкрак нишони тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
25. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
26. Қўмита (З.Б. Махкамова) икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
27. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилиш мақсадида:
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Т.К. Нарбаева – 10-банд;
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдуваҳитов – 3-банд;
Бош вазир ўринбосари З.Б. Махкамова – 1, 4, 5, 22-25-бандлар;
Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров – 2, 6-9, 11, 13-16, 20-бандлар;
Бош вазир ўринбосари С.Ў. Умурзаков – 12-банд;
Бош прокурор Н.Т. Йўлдошев – 17-19, 21-бандларда назарда тутилган тадбирлар ижроси сифатли ва ўз вақтида таъминланиши учун масъул ва жавобгар этиб белгилансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Т.К. Нарбаева ва Бош вазир ўринбосари З.Б. Махкамова ҳар уч ойда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2022 йил 7 март.
LiveБарчаси