Ўзсаноатқурилишбанк ОАВ ходимлари учун Жиззах вилоятига пресс-тур ташкил этди
Бизнес
−
30 Сентябрь 2022
5030Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Ўзсаноатқурилишбанк томонидан оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари учун Жиззах вилоятига пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар Банкнинг молиявий кўмагида ишга туширилган корхона фаолияти ҳамда мазкур ҳудудда муассаса мижозларига яратилган қулайликлар билан таништирилди.
2021 йил 21 октябрда Президентимизнинг жиззахликлар билан сайловолди учрашувида ҳудуд саноатини “Жиззахда ишлаб чиқаринг” ғояси асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаган эди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига саноат дастури сифатида киритилган ушбу ғоя бугунги кунда ҳудудда қатор янги ишлаб чиқаришларнинг йўлга қўйилишига омил бўлмоқда.
Айтиш жоиз, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ҳам вилоятда бир неча ўнлаб йирик саноат лойиҳаларини молиялаштиришга жонбозлик кўрсатиб келинмоқда.
Фориш туманида базальт толасидан геосеткалар ишлаб чиқариш лойиҳаси шулар сирасига киради.
Пресс-тур давомида ОАВ ходимлари “Geobasalt products” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ушбу ишлаб чиқариш объекти билан таништирилди.
– Бугунги кунда Япония, Хитой, Туркия каби Шарқ мамлакатлари шаҳарсозлигида кенг қўлланиладиган базальт толасидан ишлаб чиқарилувчи геосеткалар Ўзбекистон қурилиш материаллари бозори учун инновацион характерга эга маҳсулот ҳисобланади, – дейди “Geobasalt products” МЧЖ бош технологи Аҳмаджон Юсуфжонов. – Бизни янги маҳсулот яратишга ундаган асосий сабаб – бу республика миқёсида базальт хом ашёсининг 65 фоизи айнан Жиззах ҳудудида мавжудлиги ҳамда мазкур қурилиш материали юқори қўшилган қийматли маҳсулот турига киришидир.
Корхонанинг ишга туширилишида 17,8 млн. доллар миқдорида маблағ сарф қилинди. Банк томонидан Буюк Британия технологик ускуналарини олиб келиб ўрнатишга молиявий кўмаклашилди.
Ҳозирда у ерда йилига 5 миллион метр квадрат базальт толасидан геосеткалар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг қарийб 68 млрд. сўмлик қисми хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.
Эътиборли томони, “Geobasalt products” жамиятида 120дан зиёд янги иш ўрни яртилган. Шу боис 2021 йилда Жиззах вилоятида “Энг кўп иш ўрни яратган корхона” номини олди.
Пресс-тур кун тартибига кўра, Ўзсаноатқурилишбанкнинг Жиззах минтақавий банк тармоғида матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди.
Унда журналистлар Жиззах минтақавий банк хизматлари офиси (БХО) томонидан шу йилнинг ўтган 6 ойи давомида кўрсатилган хизматлар ва уларнинг натижадорлиги ҳақида маълумотга эга бўлди.
Қайд этилишича, банк тармоғида жозибали молиявий хизмат ва маҳсулотлар жорий этилган сайин мижозлар базаси ҳам тобора ошиб бормоқда. Хусусан, банк маҳсулотлари сони 1,5 баробарга кўпайиб, чакана мижозлар сони 3 баробарга ўсган.
Кичик ва ўрта бизнес субъектларининг банк кредитлари бўйича мурожаатлари 2 бараварга ортиб, ҳисобот даврида 40 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилган.
Аҳоли ва хўжалик субъектларининг жами 15 млрд. сўмлик бўш пуллари омонатларга жалб қилинган.
Иқтисодиёт тармоқларига доир лойиҳаларни молиялаштиришда қишлоқ хўжалиги (кредит қўйилмадаги ҳажми 42,46 фоиз) ва саноат (41,17 фоиз) устуворлик касб этган.
Биргина қурилиш материаллари саноатидаги умумий ҳажми 749 млн. доллар бўлган 51 та лойиҳанинг татбиқ этилишига банк тармоғи томонидан 2,2 млрд. сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилган, 348 млн. долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинган. Натижада, 2,2 мингдан ортиқ янги иш ўринлари барпо этилган.
– Ўзсаноатқурилишбанк тизимида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш энг устувор вазифалардан бири бўлгани боис, бу борада янги тизим яратилган, – дейди Жиззах минтақавий БХО бошлиғи Диёр Номозов. – Унга кўра, биз биринчи навбатда мавжуд захира конларига эга қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Бугун мижозларимиз орқасида керамзит, минерал тола, пардозбоп тошлар, цемент, ғишт каби қурилиш материалларини етказиб бериш бўйича нафақат маҳаллий, балки хорижий ҳамкорларидан ҳам буюртмалар олишда катта натижаларга эга бўлганлар талайгина.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь