“Права”ни алмаштириш муддати узайтирилиши мумкин

Жамият 8925
image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган,  эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддатини тоифалаштирилган тарзда узайтиришни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Хусусан, ушбу қарор лойиҳасида “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 2 мартдаги 116-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 9-сон, 135-модда) 3-бандига ўзгаришлар киритилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Қарор лойиҳасига кўра, 2019 йил 1 январдан эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари, уларнинг берилган санасига мувофиқ ҳолда:

 • 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари – 2022 йил 31 мартга қадар;
 • 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнга қадар;
 • 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 сентябрга қадар;
 • 2015 йилдан кейинги кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабрга қадар муддатларда мажбурий тартибда белгиланди.

Жумладан, эски намунадаги автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб, миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари эса уларнинг берилган санасига мувофиқ ҳолда:

 • 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари – 2022 йил 1 апрелдан;
 • 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 1 июлдан;
 • 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2022 йил 1 октябрдан;
 • 2015 йилдан кейинги кейин берилганлари – 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. 

Бундан ташқари, таклиф этилаётган қарор лойиҳасига кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддатини бир йилга узайтириш назарда тутилмоқда.

Маълумот учун, амалдаги Қарорга кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш муддати 2021 йилнинг 31 декабрь қадар белгиланган. 

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

Шоҳрух Олимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 296
Рейтинг: 3
t
×