Пойтахтдаги рекламаларнинг қанчаси ноқонуний жойлаштирилган?
Жамият
−
18 Сентябрь 2023
3660Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 832 та ташқи реклама ва ахборот объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 58,8 фоизи (9 905 таси) белгиланган талабларга мос келмайди, 3 082 таси эса ноқонуний жойлаштирилган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, бутун республикадаги ташқи реклама ва ахборот объектларининг 11 144 таси ёки 66 фоизи Тошкент шаҳрида жойлашган. Мос равишда пойтахт кўчаларидаги 6 004 та реклама объекти талабга жавоб бермайди, 2 984 таси эса ноқонуний (ҳеч қандай ҳужжатларсиз) жойлаштирилган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида ташқи реклама объектларининг давлат тилида бўлишини таъминлаш юзасидан жами 745 та мониторинг ўтказилган. Шундан, 159 та (21,3 фоиз) ҳолатда рекламанинг, 339 та ҳолатда (45,5 фоиз) пешлавҳаларнинг ва 39 та (5 фоиз) ҳолатда бошқа эълон ва матнларни чет тилларда берилгани аниқланган.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил II ярим йиллик Иш режасига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги ташқи ёзувлар, хусусан, пешлавҳа, реклама ва бошқа эълонлар, ахборот матнларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини ўрганиш белгиланган эди.