Пойтахтдаги оилавий поликлиникаларнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бермаслиги қонунийми?

Жамият

image

Сўнгги вақтларда оилавий поликлиникалар мактабгача таълим ташкилотлари карантинга ёпилгани муносабати билан болаларнинг ота-оналарига меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини беришни рад этаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Ушбу масалага Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.

“Мактабгача таълим ташкилотларида (МТМ) карантин белгиланганда ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига 14 календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Умумий қоидада шундай келтирилган”, дейилади матбуот хизмати берган изоҳда. 

Маълум қилинишича, ушбу варақа Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларининг рухсати асосида эпидемиолог ёки санитар врач томонидан берилади. Бироқ амалиётда поликлиникалар Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бундай фармойиш бўлмаганини важ қилиб, ҳужжатни беришни рад этаётгани кузатилган. Вазирликнинг тушунтиришича, меҳнатга лаёқатсизлик варақалари беришни рад этиш қонунийдир.

Соғлом болани парвариш қилиш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақасини МТМ Санэпидназорат маркази томонидан фақат мазкур болалар боғчасида болалардан бири ўткир инфекцияли ёки паразитар касаллик билан оғриб қолган ҳолатда карантинга ёпилган тақдирда бериш назарда тутилган. Бинобарин, поликлиникалар меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини беришни асосланган ҳолда рад этмоқда, сабаби МТМ аниқланган инфекцияли касаллик туфайли эмас, балки коронавируснинг тарқалишига йўл қўймаслик муносабати билан ёпилган.

Таъкидланишича, ушбу вазиятда меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олмаса ҳам бўлади. Чунки МТМ тарбияланувчилари ва бошланғич синфлар ўқувчиларининг ота-оналари ўз хоҳишларига кўра ва графикдан қатъи назар меҳнат таътилига чиқишлари мумкин. Шу жумладан – 6 ойдан кам ишлаб берганлар ҳам. 

“Агар ҳақ тўланадиган таътилдан фойдаланиб бўлинганда ёки ходим ҳозирнинг ўзида ундан фойдаланишни истамаса, у иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилга чиқиши мумкин. Ушбу таътил турига максимал 3 ой муддат бўйича чеклов татбиқ қилинмайди”, дейилади маълумотда.


Мақола муаллифи

Теглар

оилавий поликлиника

Баҳолаганлар

35

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар