Пойтахтда водийлик ҳайдовчилар “овланяптими”? ИИББ изоҳ берди

Жамият 8972
image

Кеча, 28 май куни ижтимоий тармоқларда “Водийлик бўлганимиз айбимизми?” сарлавҳали видео тарқалиб, унда йўл ҳаракати қатнашчилари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимларининг келишмовчиликлари акс этган. Мазкур ҳолатга пойтахт ИИББ муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, видеога туширилган ҳолат 25 май куни тахминан соат 03:00 да Чилонзор тумани “Эркин” ЙПХ постида рўй берган. Мазкур постда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари пойтахтга кирмоқчи бўлган Chevrolet Tracker русумли (давлат рақами 60 С 355 РА) автомобилни тўхтатган.

Хабарга кўра, ҳайдовчи ва уч нафар йўловчилар текширилиб, автомобиль салони хизмат ити ёрдамида кўздан кечирилганига фуқаролар норозилик билдириб, ҳолатни видеога туширишни бошлаган. Видеога тушириш давомида улар одоб доирасидан чиқиб, масофа сақламасдан ва ўзаро ҳурмат билан мулоқот қилишдан бош тортган.

Қайд этилишича, Тошкентга киришдаги постлар ва блок-постлардаги текширувлар “Қорадори”, “Тиғ” махсус тадбирлари доирасида ўтказилиб, улар гиёҳвандлик моддалари ва совуқ ҳамда жанговар қуролларни аниқлашга қаратилган. 

“Текширувлар минтақавий мансублик сабабли ўтказилиши билан боғлиқ айбловлар асоссиз бўлиб, расмий ресурсларимизда пойтахт автомобиллари ҳам текширилиши ҳақида маълумотлар етарлидир. Мазкур тадбирлар давомида тақиқланган моддалар тарқалишининг олди олиниб, совуқ қуроллар мусодара қилинмоқда. Бу каби тадбирларни ўтказишнинг муҳимлигига шубҳа йўқ ва фуқаролардан буни тушунишларини илтимос қиламиз”, дейилади баёнотда. 

Текширув давомида Тошкент шаҳар ИИББ Кинология хизмати итининг қўлланилиши тўғрисида баённома тузилиб, холислар иштироки ҳам таъминланган. Текширув ҳайдовчи ёки йўловчилар томонидан қоидабузарликни аниқламаганлиги сабабли, уларнинг ҳужжатлари қайтариб берилган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан юқоридаги ҳолат бўйича хизмат давомида бодикамеранинг ёқилгани ҳамда инспекторлар томонидан мулоқот давомида қонунбузарликка йўл қўйилганини текшириш мақсадида хизмат текшируви ўтказиш топшириғи берилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 377
Рейтинг: 2.9
t
×