Пойтахт ва Тошкент вилоятида 30 га яқин автомобилни талон-торож қилган гуруҳ ушланди
Жамият
−
17 Февраль 2021
12920Тошкент вилояти ва пойтахт ҳудудида 30 га яқин автомобилни тунаган гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 20 январь куни Тошкент тумани “Кўҳинур” маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.А. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилади. У аризасида 2021 йил 19 январдан 20 январь кунига ўтар кечаси ўз яшаётган уй олдида қолдирган Сhangan автомобилининг эшиги номаълум шахслар томонидан очилиб, автомобиль салонида бўлган бир миллион сўмлик антирадар мосламаси, 250 минг сўмлик аудио магнитафон ва бошқа майда буюмлар ҳамда 300 минг сўм миқдоридаги нақд пуллар яширин равишда талон-торож қилиб кетилганини баён қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди.
Ҳолат юзасидан Тошкент тумани ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида 5 февраль ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилинган бир гуруҳ шахс (Зангиота туманида яшовчилар 1979 йилда туғилган М.С., 2001 йилда туғилган М.Ш., 1993 йилда туғилган Д.Н. ва вояга етмаганлар 2003 йилда туғилган Ш.Т. ҳамда 2005 йилда туғилган И.М.)лар қўлга олинган.
Шунингдек, суруштирувлар давомида ушбу уюшган гуруҳ Тошкент вилояти ва пойтахт ҳудудидан 30 га яқин турли хилдаги автотранспорт воситаларини ғайриқонуний очиб, транспорт ичида бўлган пул ва қимматбаҳо буюмларни талон-торож қилиб келгани аниқланган.
Жумладан, улар Тошкент тумани “Оқтом” маҳалласи ҳудудида 16 январь куни Damas, Lacetti ва Matiz автомобилини, 18 январь куни “Кўксарой” маҳалласида Nexia автомобилини, 20 январь куни эса “Кўҳинур” маҳалласида Сhangan ва Cobalt, “Кўксарой” маҳалласида Gentra ва яна бир Nexia автомобилларини эшикларини бузиш орқали очиб, ичидаги нарса ва буюмларни талон-торож қилган.
Шунингдек, улар 3 февраль куни Зангиота тумани ҳамда Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан 21 та ҳар хил турдаги автомобилларни эшикларини бузиш орқали очиб ичидаги нарса ва буюмларни олиб воқеа жойидан яширинган.
Бундан ташқари, гуруҳнинг 25 январь куни Зангиота туманидаги хонадонлардан биридан саккиз бош қўйларни ўғирлаб, сотиб юборгани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган.
LiveБарчаси