Пойтахт ҳокимлиги янги уйлар бўйича аҳолига огоҳлантириш билан чиқди
Жамият
−
19 Декабрь 2022
13784Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолини тасдиқланмаган ва экспертизадан ўтмаган кўп квартирали уйлардаги хонадонларни сотиб олишдан огоҳлантириб чиқди. Баёнот бугун, 19 декабрь куни ҳокимлик сайтида эълон қилинди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда айрим қурувчи ташкилотлар қурилиш лойиҳаси ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши томонидан тасдиқланмаган ва экспертизадан ўтмаган кўп квартирали уйлардаги хонадонларни “қуриб бериш” шартларида сотишни таклиф этмоқда.
Аксарият ҳолларда, бундай хонадонларни сотиб олишга шартнома тузганлар хонадонни ўз номига рўйхатдан ўтказиш, ичимлик суви, табиий газ ва электр тармоқларига улашда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Ҳокимликнинг маълум қилишича, пойтахт марказида қурилаётган “DahO” кўп функцияли мажмуаси экспертизадан ўтказилмаган.
“Тошкент шаҳар, Тарас Шевченко кўчаси, 23-уй манзилида барпо этилиши “режалаштирилган “DAhO кўп функцияли мажмуаси” бўйича реклама қилинаётган 5 та кўп квартирали уйлар лойиҳаси бўйича ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши қарори олинмаган ва давлат экспертизасидан ўтказилмаган бўлса-да, қурувчи ташкилот хонадонлар сотувини жорий йил декабрь ойидан бошлаб юборган”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Шунингдек, пойтахт маъмурияти аҳолидан янги қуриладиган уйлардан хонадон сотиб олишда “таклиф этилаётган қурилиши режалаштирилган уй” қурилиш лойиҳаси ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгашида кўриб чиқилиб, давлат экспертизасидан ўтказилганлиги тўғрисидаги хужжатлар билан танишиб чиқишни тавсия қилган.
“Лойиҳаси келишилмаган, давлат қурилиш экспертизасидан ўтказилмаган уйдан квартира сотиб олиб, ўзингизни узоқ давом этадиган муаммоларга дучор қилманг. Ўз вақтингизни, маблағингизни сарфлашда талабчан бўлинг!” дейилади ҳокимлик баёнотида.
LiveБарчаси